ҲАЛОЛ ВА ҲАРОМ

ҲАЛОЛ ВА ҲАРОМ — ижобий ёки салбий деб баҳоланадиган диний, ахлоқий-ҳуқуқий нормалар. Ҳалол («эркин», «боғланмаган») — шариатда мусулмонлар учун рухсат этилган хатти-ҳаракатлар ва ишлар, тоза ва пок ҳисобланган озиқ-овқатлар. Қуръ-он ва ҳадисга кўра, сув, сут, нон, мева ва унинг шарбатлари, полиз экинлари, Аллоҳнинг исми айтиб сўйилган ҳалол ҳайвонлар ва ҳалол қилинган таомлар, кийишга рухсат берилган кийимлар ҳалолдир. Ҳалол меҳнатдан топилган мулк, мерос, ҳадя қилинган нарса, икки томон розилиги билан бўлган тижорат туфайли қўлга киритилган маблағ ҳалол бўлади. Шариатда ҳалол ҳисобланган нарсани ҳаром деган одам кофир ҳисобланади.

Ҳаром («ман қилинган», «тақиқланган») — шариатда мусулмонлар учун қатъий тақиқланган хатти-ҳаракатлар, ишлар, ейиш ман қилинган озиқовқатлар. Ҳалолнинг зидди. ислом динига кўра, ноҳақ одам ўлдириш, арақ ва б. маст қилувчи ичимликлар ичиш, чўчқа гўшти ейиш, ўлимтик ҳайвонлар гўшти, Аллоҳнинг исми айтилмай сўйилган ҳайвонлар гўшти, қимор, ўғирлик, ёлғон гапириш, бировнинг ҳаққини ейиш, одамларни ҳақорат қилиш, уларга ёмон ном қўйиш, орқасидан ғийбат қилиш, туҳмат, гирромлик, фоҳи-шалик, зинокорлик, ўз сўзини, ичган қасамини бузиш, судхўрлик, порахўрлик, шариат ман қилган йўл билан қилинган савдосотикдан топилган ҳар қандай мол-мулк ва ш. к. ҳаромдир. Фойдаланиш ҳаром этилган, истифода қилган кишига фақат зарар берадиган ўсимликларни экиш, парвариш қилиш (у нарсадан ўзи фойдаланмаса ҳам) ҳалол бўлмайди. шариатда ҳаром ишларга одатланган одам гуноҳкор бўлиш билан бирга ҳаётда хорлик, шармандалик, қашшоқлик ва тузалмас оғир касалликка гирифтор бўлиши таъкидланади.

Кенг маънода — ахлоқшуносликнинг тушунчалари бўлиб, жамият аъзолари зиммасига юклатилган ахлоқий-ҳуқуқий талабларнинг виж-донан бажарилишини ёхуд шахсий ёки гуруҳ манфаатларини кўзлаб ошкора ё пинхона бузилишини анг-латади.

Loading...