ҲАМЗА Ҳакимзода Ниёзий (1889.6.3, Қўқон — 1929. 18.8, Фарғона вилояти Шоҳимардон қишлоғи) — шоир, ёзувчи, педагог, театр арбоби. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1926). Солка-шон маҳалласидаги эски мактаб ва мадрасада (1896—1906), кейин қисқа муддат Наманган мадрасасида (1908) таҳсил кўрган. 1909 й. да Когонда мат-баада ишлаган. Сўнгра Тошкентга келиб, усули жадид мактабларининг ўқув дастури билан танишган ва шундай мактабларни дастлаб Қаш-қардарвоза маҳалласида (1910), кейин Қўқон ш. нинг Ҳожибек гузарида (1911) ва Марғилонда (1914) очган. Ҳамза кейинги ҳаёти ва фаолияти давомида қисқа муддат Қўқондаги рус-тузем мактабида ўқитувчи, «Шўрои ислом» ташкилотининг озуқа шўъбасида мирза, «Кенгаш» ва «Ҳуррият» жур. ларида муҳаррир (1917), Фарғона вилояти маданий-маориф бўлимида ходим (1918), Туркистон фронти сиёсий бошқармаси ихтиё-ридаги Ўлка мусулмон сиёсий труп-пасида режиссёр (1919), «Дор ушшафақа» мактабида мудир (1920), Бухоро вилояти маориф ва ҳарбий тарғиботташвиқот шўъбаси қошидаги театр труппасида раҳбар (1921), Хоразм вилоятидаги касаба союзларининг маданий-маърифий муасса-саларида мудир (1921—24), Фарғона маориф қўмитаси қарамоғидаги онг-билим шўъбасида мудир ўрин-босари (1924) сингари турли лаво-зимларда хизмат қилган. 1926 й. дан эркин ижод билан шуғулланган. Аммо раҳбар идораларнинг топшириғи билан 1928 й. авг. дан Шоҳимардонда тарғиботташвиқот ишлари олиб борган ва сўнгги сафари чоғида ҳалок бўлган.
Ҳамзанинг адабий ижоди 1905—06 й. ларда бошланган. Ҳамза 1908 й. қўшни ўлкаларда нашр этилган илғор газ. лар ва улардаги тараққийпарварлик ғоялари билан танишган. Маърифатли кишилар таъсирида «миллий шеърлар» ёза бошлаган. Ҳамза шу йили «эски подшолар турмушидан» олинган «Ҳақиқат кимда?» деган «роман» ҳам ёзган (бу асар ўша вақтдаёқ йўқолган). Ҳамза 1905 й. дан мумтоз шоирларга эргашган ҳолда ғазаллар ёза бошлаган. 1914 й. да тартиб берилган қўлёзма девонига шоирнинг 1905—14 й. ларда «Ниҳоний» тахаллуси билан ёзган 214 та шеъри киритилган.
1908—10 й. ларда Ҳамза адабий ва ижтимоий фаолиятини жадидчилик ҳаракати билан узвий боғлаган. Ҳамза янги усулдаги мактаблар очиш ва бу мактаблар учун янги типдаги ўқув қўлланмалари яратиш йўли билан халқни маърифатлаштириш мақсадида Қўқон ва Марғилонда очган мактаб ўқувчилари учун «Енгил адабиёт», «Ўқиш китоби» (1914) ва «Қироат китоби» (1915) ўқув қўлланмаларини тайёрлаган.
Ҳамза катта ёшдаги кишилар учун «Миллий ашулалар учун миллий шеърлар мажмуаси» умумий номи остида «гул» тўпламларини эълон қилган (1915—19). Ҳамза мазкур мажмуалари (8 бўлимдан иборат) билан ўзбек шеъриятига янги мазмун ва янги ғоялар олиб кирган ва, айниқса, жадид адабиёти тараққиётига катта ҳисса қўшган.
Ҳамза ижодининг мазкур 2-даврида наср ва драматургия соҳасида ҳам жиддий изланишлар олиб борган. Унинг «Янги саодат» (1914, нашри — 1915) асари айрим олимлар томонидан ўзбек адабиётидаги роман жан-рининг илк намунаси сифатида тал-қин қилиниб келинган. Лекин бу асар аслида маърифатпарварлик ғоялари билан суғорилган қисса бўлиб, унда камбағал йигит (Олимжон)нинг илм туфайли оилавий бахт-саодатга эришганлиги маҳорат билан тасвир этилган.
Ҳамза 1914-16 й. ларда «Ўч»> (1914), «Заҳарли ҳаёт ёхуд Ишқ қурбонлари» (1915), «Илм ҳидояти», «Мулла Нормуҳаммад домланинг куфр хато-си», «Очлик қурбонлари» (1916), «Мухторият ёки автономия» (1917) сингари кичик саҳна асарларини ёзган.
Ҳамза совет мафкураси ҳукмронлик қилган даврда «ўзбек совет адабиёти»нинг, театрининг асосчиси сифатида кўкка кўтарилган. Ҳамза номи билан боғланиб келинган Ўлка сайёр драма труппаси аслида Скобил (Фарғона) сайёр труппаси деб аталиб, унга Ға-фур Мусахонов раҳбар бўлган. Ҳамза шу труппада драматург, режиссёр ва суфлёр бўлиб хизмат қилган. Шу вақтда у «ким тўғри?», «Туҳматчилар жазоси», «Бой ила хизматчи», «Иш-чилар ҳаётидан» (1918), «Лошмон фо-жиаси» (1916—18, 3 бўлимли), «Фарғона фожиаси» (1918—20, 4 бўлимли), «Қизил қон ичида ёш гўдаклар», «Маҳбус тўранинг ҳоли» (1919) сингари пьесаларни ёзган (бу асарларнинг аксари бизгача етиб келмаган). Агар Ҳамза «Заҳарли ҳаёт» драмасида шу даврдаги томошабин дидини инобатга олиб, ҳатто фожиали ҳолатлар тас-вирида ҳам мелодрама ва сентимен-тализмдан кенг фойдаланган бўлса, «Туҳматчилар жазоси», айниқса, «Бой ила хизматчи» сингари пьесаларида реализм томон яқинлашган. Аммо Ҳамза кўп ўтмай, тарғибот ва ташвиқот йўналишидаги «Пастки шўролар сайлови муносабати ила ёзилғон Чўпчарлар», «Пастки шўролар тузмасида сайловға киролмаган бир эшон ўпкасига жавобан», «Бурунги сайловлар» (1926) сингари пьеса ва инсце-нировкаларни ёзишга катта эътибор берган. Ҳатто Совет давлатининг жаҳон инқилоби тўғрисидаги сохта ғоясига ишониб, «Жаҳон сармоясининг энг охирги кунлари» (1927) пьесасини ёзган. Ҳамза шу даврда жадидчилик ғоялари ва жадид адабиёти мезонларидан узоқлашгани сайин аввал эришган бадиият марраларини ҳам бой бера бошлаган. Бироқ1926й. Ҳ. ўзбек драматургиясида муайян из қолдирган 2 асар: «Майсаранинг иши» комедияси ва «Паранжи сирларидан бир лавҳа ёки Яллачилар иши» драмасини яратган.
Синфийлик ва партиявийлик адабий асарнинг қимматини белгиловчи асосий мезон ҳисобланган даврларда Ҳамзанинг «Бой ила хизматчи» пьесаси бутунлай қайта ёзиб чиқилган. Социалистик реализм методи талаблари асосида «қайта тикланган» бу асар узоқ йиллар давомида Ҳамза драматургиясининг юксак намунаси сифатида тақдим этилиб келинган.
Ҳамза ҳақида достон (Ойбек асари, 1948), роман (К. Яшин асари, 1989), театр спектакли (К. Яшин ва А. Умарий асари, 1941), кинофильм (сце-нарий муаллифлари К. Яшин ва С. Муҳамедов, режиссёр З. Собитов, 1960), 16 серияли бадиий фильм (сценарий муаллифлари К. Яшин, Б. Привалов ва Ш. Аббосов, режиссёр Ш. Аббосов, 1975—84) ва ҳужжатли фильм (сценарий муаллифи Л. Қа-юмов, режиссёр Н. Отауллаева, 1960) лар яратилган. Тошкент ва Қўқон ш. лари ҳамда Фарғона водийсидаги театр, мактаб, кўча ва ширкат хўжаликларига, Тошкент ш. даги метро ст-ясига шоир номи берилган.
Ас: Тўла асарлар тўплами [5 ж. ли], Т., 1988—89; Хамза архиви каталоги [2 ж. ли], Т, 1990-91.
Ад.: Султонов Ю., Ҳамза, Т., 1973; Қаюмов Л., Ҳамза, Т., 1973; Раҳмонов М., Ҳамза ва ўзбектеатри, Т, 1959; Ҳамза замондошлари хотирасида, Т., 1979; Қаюмов Л., Сайланма, 1—2-ж. лар, Т., 1983; Ҳамза Ҳакимзода ижоди проблемалари, Т., 1988.
Наим Каримов.