ҲАНАФИЙЛИК

ҲАНАФИЙЛИК — суннийликвят диний-ҳуқуқ мазҳабларидан бири. Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит (қ. Имоми Аъзам) асос солган. Ҳанафийлик қоидалари Абу Юсуф Ёқуб (795 й. в. э.), Муҳаммад ашШайбоний (804 й. в. э.), Қудурий (1036 й. в. э.) ва б. асарларида ишлаб чиқилган. Бу мазҳаб тарафдорлари фиқҳнинг 4 асосий манбаини эътироф этиш билан бирга бошқа мазҳаблар вакилларига нисбатан фиқҳ талабларига риоя этишнинг қиёс ва ижтиҳод усулларидан кенгроқ фойдаланади. Бу мазҳабнинг асосий хусусиятлари қуй-идагилардан иборат: Қуръони каримдан ҳукм олишда оятларнинг носих ва мансухларини обдон аниқлаб олиш; ҳадиси шарифлардан ҳуқуққа доирларини шаръий ҳукмларга асос қилиб олишда ҳар бир ҳадиснинг саҳиҳли-гига катта эътибор бериш ва уларнинг носих, мансухлигини чуқур аниқлаш; саҳобаларнинг иттифоқлик ила чиқарган қарорлари (ижмоъ) ҳамда қиёс ва ижтиҳод усулларига биноан ҳуқуқий хулоса чиқаришдан ташқари истиҳсон деб аталувчи қўшимча манбадан ҳам фойдаланиш.

Ҳанафийлик мазҳаби оддий ҳуқуқ (урф-одат) дан ҳам ҳуқуқнинг кенг мустақил ёрдамчи манбаи сифатида фойдаланади, бу ҳол ҳаётий эҳтиёжларни ва маҳаллий одатларни ҳисобга олиб ҳуқуқий қарорлар қабул қилиш имко-нини беради. Бу мазҳаб қоидалари мўътадиллиги, бирмунча юмшоқли-ги, қулайлиги, халқларнинг маҳаллий анъаналарини эътиборга олганлиги сабабли 11-а. дан бошлаб шимол ва шарққа кенг ёйилган. Кичик Осиё, Болқон, Шим. Кавказ, Қора денгиз, Волга бўйилари, Ўрта Осиё мамлакатлари, Афғонистон, Ҳиндистон ва Хитойнинг олис ҳудудларига тарқалган. Ҳоз. даврда дунё мусулмонларининг қарийб ярми, шу жумладан, юртимиз мусулмонлари Ҳанафийлик мазҳабига амал қилган ҳолда мусулмончилик қонун-қоидаларини бажариб келмоқда.

Абдулазиз Мансур.

Loading...