ҲАҚИҚАТ

ҲАҚИҚАТ — воқеликнинг киши онгида тўғри акс этиши, билимларимизнинг объектив реалликка мос келиши. Ҳақиқат инсоннинг борлиқни билишдаги асосий мақсадларидан бири. У асосан инсон билимлари билан борлиқдаги нарса ва ҳодисалар ўртасидаги муносабат масаласини ўз ичига олади. Антик давр мутафаккирлари (Эпикур, Демокрит, Лукреций) Ҳ. ни билимларимизнинг нарса ва ҳодисалар моҳиятини ифодалашга мос келиши сифатида тушунганлар. Бундай тушуниш янги давр файласуфларига (Ф. Бэкон, Б. Спиноза, К. Гельвеций, Д. Дидро, П. Гольбах, М. В. Ломоносов, Л. Фейербах) ҳам хосдир.

Ҳақиқатнинг объектив, мутлақ, нисбий шакллари бор. Амалиёт тасдиклаган ҳар қандай билим объектив Ҳақиқат дир. Бунда оламдаги нарса ва ҳодисалар моҳияти инсон онгига боғлиқ эмас (Ҳ. мазмунан объектив, лекин шаклан инсон тафаккури фаолиятининг натижаси сифатида субъективдир). Борлиқдаги нарса ва ҳодисалар ҳақидаги тўлиқ, аниқ, мукаммал билимлар мутлақ Ҳ. дир. Нисбий Ҳақиқат объек-тив Ҳақиқатнинг баъзи томонини, бўлагини, қисмини акс эттирувчи билимдир, у объектни тўла, мукаммал акс эттира олмайди. Билиш нисбий Ҳақиқат лардан мутлақ Ҳақиқатлар томон ривожланиб боради. Ҳар қандай мутлақ Ҳақиқат нисбий Ҳақиқат ларнинг чексиз ривожланиб бори-шидан вужудга келади, ҳар бир нисбий Ҳақиқатда эса мутлақ Ҳақиқатнинг зарраси мавжуд бўлади. Илмфан тараққиётида ҳар бир янги босқич нисбий Ҳақиқатлар сифатида мутлақ Ҳақиқатнинг мазмунига янги-янги зарралар қўшиб боради. Борлиқ бепоён ва чексиз бўлгани каби, инсоннинг уни билиши ҳам чексиз давом этади. Ҳақиқат ҳамиша кон-кретдир, мавҳум Ҳақиқат йўқ. Ҳар бир билимнинг ҳақиқатлиги маълум жойга, вақт ва вазиятга, киши били-шининг имкониятига ва даражасига боғлиқ.

Билиш жараёнида нисбий ва мут-лақ Ҳақиқатлар нисбатини тўғри тушунмаслик, Ҳақиқатнинг конкретлигини ҳисобга олмаслик билиш назариясида 2 та янглиш қараш — догматизм ва релятивизмга олиб келади.

Ҳақиқат тушунчаси фақат гносеологик масала эмас, балки аксиологик жиҳатга эга. У «адолат», «яхшилик», «гўзаллик» тушунчалари каби умуминсоний қадрият ҳисобланади.

Абдулла Аюпов.

Prev Article

ҲАҚИҚ

Next Article

ҲИД БИЛИШ