ҲАРАКАТ НОМИ — феълнинг ишҳаракат номинигина билдирувчи, замон, шахс-сон, майл каби маъноларга эга бўлмайдиган функционал шакли. Феълнинг бу шакли – (и)ш, – (у)в, моқ аффикслари ёрдамида ҳосил бўлади; ўқиш, ёзув, айтмоқ каби.
Ҳаракат номи шакллари ишҳаракатнинг бажа-рилиши ёки бажарилмаслигини ва улар билан боғлиқ маъноларни билдирмайди, балки ҳаракат-ҳолатнинг ўзини атайди, яъни ҳаракат-ҳолатнинг атамаси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам улар отга хос грамматик кўрсаткичларни қабул қила олади, гапда отнинг синтактик вазифаларини бажаради. У рус тилидаги феълнинг ноаниқ шакли ва ғарб тилларидаги инфинитив шаклига эквивалентдир. – ш/иш ва моқ кўрсаткичлари билан ҳосил қилинувчи шакллар баъзан лик аффикси билан қўлланиши мумкин: боришлик, бормоқлик. Бироқ бу адабий тил учун меъёрий ҳолат эмас. – в /-ув аффикси билан ясалувчи шакл нисбатан кам қўлланади. У қўшилганда, феъл ўзаги муайян ўзгаришларга учрайди: ўқи — ўқув, ишла — ишлов. Бу шаклдаги кўплаб феъллар отга кўчган: сайлов, қистов, танлов, ўқув. Ҳаракат номининг ҳар уч шакли ҳам феълларнинг бўлишсизлик кўрсаткичи ма аффиксини қабул қилмайди. Ҳаракат номининг бўлишсиз шакли – маслик аффикси ёрдамида ҳосил қилинади: бормаслик, келмаслик, айтмаслик. Бўлишсизлик шаклининг ҳар учала кўрсаткич учун умумийлиги уларнинг маънога кўра жиддий фарққа эга эмаслигини кўрсатади.
Илҳомжон Мадраҳимов.