ҲАРБИЙ НИЗОМ

ҲАРБИЙ НИЗОМ, Ҳарбий Устав — қуролли кучлар ва қўшин турларининг қўшилма, қисм ва бўлинмаларидан жанговар ҳаракатларда фойдаланиш тамойиллари, уларнинг мақсадлари, вазифа ва усулларини, ҳарбий хизматчиларнинг мажбуриятларини, улар орасидаги ўзаро муносабатларни, кундалик турмуш фаолиятини. ҳарбий хизматни ташкил этиш, ўташ йўл-йўриқларини изга солувчи ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини ва ҳарбий низомни мустаҳкамлаш асосини белгилаб берувчи расмий меъёрийҳуқуқий ҳужжат.

Ҳарбий Низом жанговар ва умумҳарбий турларга бўлинади. Жанговар Низомлар қуролли кучлар қисм ва бўлинмалари турларининг жанговар тайёргарлик асослари ҳамда жанговар ҳаракатларни олиб боришни белгилаб беради. Умумҳарбий Низомлар ҳарбий хизматчиларнинг ўзаро муносабатлари, уларнинг умумий ва лавозимга оид мажбуриятлари, ҳуқуқлари, ички, гарнизон ва қоровуллик хизматларини ўташ тартиблари ва б. ни белгиловчи қуролли кучларнинг ҳамма турлари учун умумий мажбурий қоидалардир.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Ички хизмат, интизом, гарнизон ва қоровуллик хизматлари Низоми Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 й. 9 окт. даги фармони б-н, Саф низоми Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг 1996 й. 14 окт. даги 238-сонли буйруғи билан жорий этилган.