ҲАСАН ҚАЙҒИ, Асан Қайғи (тўлиқ исми Ҳасан Собит ули) |тахм. 1370— 1465, Сариарқа (Улитов)] — қозоқ шоири, уста жиров. Ижоди Хоразм ўзбеклари, қорақалпоқ ва қозоқлари орасида кенг тарқалган. Олтин Ўрда хонларидан Улуғ Муҳам-мад саройида хизмат қилган. Улуғ Муҳаммад вафотидан сўнг Дашти Қипчоққа қайтган. Ҳасан Қайғининг шеъртўлғовлари ҳозиргача халқ орасида машҳур. Уларнинг аксарияти сўнгги даврларда ёзиб олиниб, баъзи бирлари эълон қилинган («Кўлда юрган қўнғир ғоз, қир қадрини не билсин», «Оқ билагинг бўлмаса, билагузук солмоқ не фойда» ва б.). Асарларида шоир халқ тақдири, аҳволи ҳақида кўп ўйлаб, қайғуриб, ғам чеккан (Қайғу — «Қайғи» тахаллуси ҳам шундан). Шеърлари фалсафий-дидактик мазмунда бўлиб, турли тўплам, антология, баёзларга кирган. Дастлаб Тўғалоқ Молда унинг шеърларини «Ҳасан Қайғи сўзи» номи билан нашр эттирган (1938). Халқ орасида «Ҳасан Ҳофиз» номи билан машҳур.