ҲАЙДАРОВ

ҲАЙДАРОВ Акбар, Акбарқори ҳофиз (1893.1.5, Марғилон — 1964.13.2, Тошкент) — хонанда ва созанда (танбур, дутор), Ўзбекистон халқ ҳофизи (1939). Дастлаб хонандалик йўлларини ҳамда дутор чертишни отаси Ҳайдар ҳофиздан ўрганган; қорихонада қироатни ўзлаштирган, кейинчалик катта ашула йўлларини танбур чалиш сирларини ўрганган. Тошкентда яшаб, Тўйчи ҳофиз, Шораҳим Шоумаров, Аб-дусоат Ваҳобов, Рйзқи ва Юнус ражабийлар ва б. билан бирга «Шарқия» кечалари, турли концертларда қатнашган. 1927 й. дан Ўзбекистон радиоқўмитасида ашулачи ва созанда. Москвада ўтказилган ўзбек санъати декадаси қатнашчиси, Катта Фарғона канали, Фар-ҳод ГЭС, Чирчиқ, Ангрен шаҳарлари, Каттақўрғон сув омбори қурувчиларига, 2 – жаҳон уруши даврида жанг-чиларга маданий хизмат қилган. 1930 й. ларда Қаюм Шобаратов билан Тошкент Ўрдасида «Нафосат» чойхонасини ташкил қилиб, бу ерда машҳур ҳофиз, созанда ва қизиқчиларнинг чиқишларини уюштирган.

Ҳайдаров кенг диапазонли, баланд, нафис ва тиниқ «тенор» овозга, равон ижро услубига эга бўлиб, репертуаридан катта ашула («Бир келиб кетсун», «Ёввойи Ушшоқ», «Адашганман», «Эй, чеҳраси тобоним» ва б.), ашула («Ё, ҳаёт ан-наби», «Сувора», «Гиря»), Фарғона-Тошкент мақом йўллари («Баёт», «Ушшоқ», «Фарғонача Шаҳноз») ва б. ўрин олган И. Ик-ромов Ҳайдаров учун «Муножот», «Чўли Ироқ» каби ашула йўлларини яратган. У кўп йиллар давомида Турғун Кари-мов билан ҳамнафаслик қилган. 1919 й. Ҳ. ижросидаги «Поездингни жилдирган» қўшиғи, 1930—50 й. ларда ашула ва яллалари грампластинкага, 1940 й. ларда катта ашулалари В. Успенский томонидан нотага ёзиб олинган.

Баҳриддин Насриддинов.

Loading...