«ҲАЙРАТ УЛ-АБРОР» («Яхши кишиларнинг ҳайратланиши») — Алишер Навоий «Хамса»сининг биринчи достони (1483). Панд-насиҳат руҳидаги таълимий-ахлоқий, фалсафий достон. 3988 байтдан иборат бўлиб, 64 боб, 29 мақолатдан ташкил топган. Арузнинт сареъ баҳрида ёзилган. Асар анъанавий муқаддима — ҳамд ва наът билан бошланади. Навоийнинг дунё ҳақидаги қарашлари мана шу муқаддимада ўз аксини топган. Унингча, дунёнинг боши ҳам, охири ҳам, яратувчи ҳам, кузатувчи ҳам Аллоҳдир: Аввал ўзунг, мобайн ўзунг, Барчага холиқ, борига айн ўзунг.
Асарда шоир Аллоҳ, борлиқ, инсон ҳақида шундай фикрлайди: бир вақтлар бу жаҳон пинҳон (яширин) эди. На ер, на кўк, на кун, на тун — ҳеч нарса йўқ эди. Сендан бошқа ҳеч ким, ҳеч нарса йўқ эди. Нозир ҳам, манзур ҳам ўзинг эдинг. Ишқингдан маст, ҳуснингдан масрур эдинг, ҳуснинг жилвасига чеку чегара йўқ эди. Сенга кўзгу керак бўлди ва шу мақсад билан дунё майдонга келди. Демак, дунё сенинг жамолингга ойнадир. Сен дунёни ғоят гўзал (латиф) қилиб ярат-динг, лекин ҳаммасидан инсонни улуғ (шариф) айладинг. Бинобарин, Аллоҳ ҳар нарсадан улуғ ва яқин тутган ин-сон ҳам табиатнинг, ҳам жамиятнинг гултожидир. Навоий дунёни Аллоҳнинг намоён бўлишидир, деб билади. Инсон эса унинг марказий сиймоси.
2 боб устозлар таърифига бағишланган, 2 боб сўз ва ундаги маъно ҳақида. Сўнг Ҳусайн Бойқарога, улуғ пирлар: Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрорга бағишловлар келади. Ниҳоят, 22-бобдан мақолатлар бошланади. 1-мақолат иймон, 2-мақолат ислом, 3-мақолат шоҳлар ҳақида. Унда шоир бевосита шоҳга мурожаат қилади: «Эй, дабда-баси оламни тутган султон, сенга ҳақ ҳукмфармолик берди, қўлингни баланд қилиб, эл-халқни, не-не буюкларни қошингда паст этди. Лекин шуни билки, сен ҳам уларнинг кўпидан ожизроқ бир бандасан… Ҳақ сенга вазифа топширган. Биринчи вазифа — берган неъматига шукр қилмоқ, иккинчиси — халқни хуррам тутмоқ, ҳақини ҳақлаб бермоқ, асрамоқ. У сенга омонат берилган. Агар сен элнинг бир синиқ игнасини тортиб олсанг, охи-ратда олмос ханжар бўлиб, бағрингга қадалади. Ингичка бир ип каби зарар етказган бўлсанг, уни сени ҳалок қилувчи илон деб билавер… Беайб Парвардигор, лекин айб қилдингми, тавба қил. Адолатсизлик қилдингми, адолат қил». Шу тариқа ҳар бир мақо-лат бир мавзуга бағишланган. Шоир дастлаб мавзу билан таништиради. Унга муносабат билдиради, яъни тасдиқ ё инкор этади, айни мавзуга муносиб бирор ибратли ҳикоя келтиради.
Навоий достонда умр, унинг мазмуни, табиат, жамият ва инсон муносабатларига доир саволлар қўяди ва кейинги достонларда муайян такдирлар, воқеалар мисолида уларга жавоб беради. Достонда ўша давр ижтимоий турмуши, халқ ҳаёти, урф-одатлари, дин-диёнат, ахлоқ-одоб ҳақидаги қарашлар ўз ифодасини топган (яна қ. Ашшер Навоий).
Бегали Қосимов.