ҲАЙВОНЛАР МИГРАЦИЯСИ

ҲАЙВОНЛАР МИГРАЦИЯСИ (лот. гп1§га11оп — кўчиш, кўчиб ўтиш) — бир-биридан узоқда жойлашган ва ўзаро кескин фарқ қиладиган яшаш муҳитлари ўртасида ҳайвонларнинг қонуний кўчиб юриши. Ҳайвонлар миграцияси яшаш жойида муҳит шароитининг ўзгариши ёки ривожланишнинғ ҳар хил даврларида ҳайвоннинг яшаш муҳити шароитига талабининг ўзгариши (онтогенетик миграция) билан боғлиқ. Ҳайвон яшайдиган жойда яшаш шароитининг ўзгариши таъсирида содир бўладиган Ҳайвонлар миграцияси даврий (мавсумий, суткалик) ёки нодаврий бўлиши мумкин. Ҳайвонлар, одатда, аждодлари ўтган йўл орқали миграция қилади.

Даврий (циклик) миграция ҳар хил: вертикал (сут эмизувчилар, қушлар ва ҳашаротларнинг тоғнинг вертикал минтақалари бўйича, умуртқасизларнинг тупроқ ва сув қатламлари бўйича миграцияси), анадром (ўткинчи балиқларнинг денгизлардан дарёларга ўтиши), катадром (ўткинчи балиқларнинг дарёлардан денгизларга ўтиши) хилларга ажратилади. Денгиз тошбақалари ва сут эмизувчиларининг океанларда, туёқли, йиртқич ва кемирувчи сут эмизувчиларнинг қуруқликда, кўпчилик қушлар, кўршапа-лаклар ва ҳашаротларнинг ҳаво орқали миграииясини ҳам даврий дейиш мумкин.

Даврий бўлмаган, яъни спорадик миграция — ўтроқ яшовчи ҳайвонлар (олмахонлар, лемминглар ва б.) яшаш муҳитининг ёмонлашуви (қурғоқчилик, ёнғин, тошқин ва б.), индивидлар сонининг ошиб кетиши натижасида содир бўладиган оммавий кўчи-ши. Бу хилдаги миграция тартибсиз содир бўлади ва кўп ҳолларда ҳайвонларнинг ялпи қирилиб кетишига олиб келади.

Онтогенетик миграция — ривожланишнинг ҳар хил даврларида ҳайвонларнинг яшаш муҳити шароитига талабининг ўзгариши билан боғлиқ. Бундай миграция личинкалик (ўтроқ яшовчи асцидиялар, коралл полиплар, ғовактанлилар, қалқондорлар ва б.) ёки жинсий вояга етган даврда содир бўлиши мумкин. Фаол миграция қилиш учун ҳайвонлар вақт ва йўналишни биологик сезиш қобилиятига эга бўлиши керак (қ. Бионавигация). Миграция ҳайвонларни тамғалаш ва эксперимент орқали ўрганилади.