ҲАЗРАТИ ИМОМ МАЙИН (МУИН) МАЖМУАСИ

ҲАЗРАТИ ИМОМ МАЙИН (МУИН) МАЖМУАСИ — Қашқадарёдаги меъморий ёдгорлик (11 —19-а. лар). Ҳазрати Имом Майин мақбараси атрофида бунёд этилган. Мақбара олди айвонли, нақшинкор 6 устунга таянган. Мажмуа девор билан ўралган кичик (ташқи) ва катта ҳовлидаги турли даврларда қурилган бинолардан ташкил топган. 11 — 14-а. ларда мақбара (тарҳи 5×5 м), зиёратхона ва масжид (7×7 м) қурилган, мақбара ҳовлисида мурабба тарҳли (10×10 м) ҳовуз бор, ҳовузнинг шарқида қудуқ мавжуд. Мақбара 16 қиррали кулоҳий гумбаз билан ёпилган, ёғоч сағана ўйма нақшлар билан зийнатланган. Масжид гумбазли хонақоҳ ва 2 томонли айвондан иборат, айвон шифти ва устунлари нақшлар билан безатилган; масжид ёнида чиллахона жойлашган. 19—20-а. ларда хонақоҳга туташ 2 хона қурилган. 2004 й. да таъмирланган.