ҲИДОЯТ

«ҲИДОЯТ» — ойлик диний-ижтимоий, илмий-адабий жур. Муассиси — Ўзбекистон мусулмонлари идораси. 1999 й. авг. да ташкил этилган. Аввал «Урта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари» (1946—1968), «Совет Шарқи мусулмонлари» (1968—91), «Мовароуннаҳр мусулмонлари» (1991—95), «Ўзбекистон мусулмонлари» (1995—99) номларида нашр этилган. Жур. да Қуръон оятларининг тафсирлари, ҳадиси шариф шарҳлари, ибодат ва кундалик турмушга оид турли масалалар, илм эгаллаш, оила ва фарзандлар тарбияси, масжид ва мадрасалар ҳаёти, маънавий мерос ва тарихий қадриятларни ўрганишга оид мавзулар, дунё мусулмонлари ҳаётидаги янгиликлар, хабарлар ёритилади. «Ақида», «Фиқҳ», «Амри маъруф», «Наҳйи мункар», «Тафсир», «Ҳадис илми», «Олисларга саёҳат», «Имомларимиз», «Илм масканларида», «Тиббиёт бурчаги» каби рукнлари бор. Жур. 2001 й. дан «Ҳидоят кутубхона-си» силсиласида китоблар ҳам нашр этмоқда.