ҲИКМАТЛИ СЎЗЛАР, афоризмлар — тугал фикрни англатувчи, ўткир мазмунли қисқа ва лўнда ибо-ра, байт, жумла. Халқ мақолларидан фарқли равишда Ҳикматли сўзлар келиб чиқиши жиҳатидан маълум бир шахс (ёзувчи, шоир, публицист, файласуф, олим, давлат арбоби ва б.)га мансуб бўлиб, индивидуаллигини сақлаб қолади. Ҳикматли сўзларнинг мустақил жанр шаклидаги наму-налари билан бирга илмий, фалсафий, тарихий ҳамда бадиий асарлар таркибида учрайдиганлари ҳам бўлади. Баъ-зан асар бошдан-оёқ Ҳикматли сўзлардан иборат бўлиши ҳам мумкин (Форобий ва б.). Алишер Навоийнинг айрим асарлари Ҳикматли сўзларга бой («Назм ул-жавоҳир», «Арбаин», «Маҳбуб ул-қулуб» ва б.). Шарқ халқлари адабиётида, жумладан, ўзбек адабиётида Ҳикматли сўзларнинг кўп қисми панд-насиҳат, ўгит, танбеҳ шаклларида бўлади. Мас: Дўстлик, садоқатга белингни боғла, Гина, маломатдан тилингни боғла.
(Саъдий Шерозий) Халқ жонли тилига, мақолларга яқин Ҳикматли сўзлар ҳам кўп учрайди. Мас, «Ўқсиз солдат — қиличсиз қин» (Ой-бек), «Тиши чиққан болага чайнаб берган ош бўлмас» (А. Қаҳҳор). Баъзи Ҳикматли сўзлар шаклан қуйма ҳолга келиб, ом-мавий қўлланишга ўтгач, мақолга айланиб қолади. Мас: Билмаганин сўраб ўрганган олим, Орланиб сўрамаган ўзига золим.
(Алишер Навоий) Ўзбек ёзувчиларидан Ҳамза, А. Қодирий, Ғ. Ғулом, Ойбек, Ҳ. Олим-жон, А. Қаҳҳор, Шайхзода каби санъ-аткорлар ўз асарларида Ҳикматли сўзларнинг замонавий намуналарини яратиб, ўзбек адабий тилининг ривожига самарали ҳисса қўшдилар.
Ад.: Ҳакимов М ., Ёзувчи ва халқ тили, Т., 1971,Ҳакимов М., Навоий ҳикматларининг ўзбек халқ донишмандлигини бойи-тишдаги роли, Т., 1977.
Нашр: Навоий, Афоризмлар, Т., 1941, 1947, 1948, 1961, 1968; Мингбир ҳикмат [Тузувчи Ш. Шомуҳамедов], Т., 1965; Ҳикматлар гулдастаси [Тўпловчи М. Азаматов], Т., 1982; Шомақсудов Ш., Шораҳмедов Ш., Маънолар махзани [Нашрга тайёрловчилар: Д. Шораҳмедов, М. Аминов], Т., 2001.