ҲИКОЯ — бадиий адабиётда кичик эпик жанр, ҳаёт ҳодисалари ихчам ифода этиладиган насрий асар. Жаҳон адабиётида Ҳикоя қадим анъаналарга эга. Ўтмишда Ҳикоя фольклор асарлари таркибида баён унсури бўлиб иштирок этган. Мустақил жанр сифатида фақат ёзма адабиётда шаклланган. Европа адабиётида Ҳикоя чиликнинг ривожланишига итальян ёзувчиси Бокаччо «Декамерон» асари билан катта ҳисса қўшган. Асарда’ 7 қиз ва 3 йигитнинг 10 кун давомида айтган 100 та ҳикояси берилган. Ги де Мопассан (Француз), ОТенри (Америка), А. П. Чехов (рус), А. Қодирий, Чўлпон (ўзбек) Ҳикоя жанрининг асосчилари ҳисобланади. Ев-ропа адабиётида Ҳикоя новелла деб ҳам аталади.
Ўзбек адабиётида Ҳикоя жуда қадимдан бошланган. Илк ёзма адабий ёдгорликлар — Култегин ва Тўнюқуқ битиктошларида баён қилинган воқеалар иштирок этувчилар томонидан ҳикоя қилинган. Носириддин Рабғу-змйнинг «Қисаси Рабғузий» асарида ҳам ахлоқий характердаги Ҳикоянинг яхши намуналари бор. Алишер Навоий «Ҳайрат ул-аброр» достонининг 5-мақолотидаги «Ҳотами Той ҳикоя-ти», 20-мақолатидаги «Ул қул ҳикояти», «Сабъаи сайёр» достонидаги етти мусофир Ҳикоя лари ҳам бу жанрнинг илк намуналари ҳисобланади. 16-а. да яратилган Пошшохожанинг «Гулзор» ва «Мифтоҳ ул-адл» асарлари ўзбек Ҳикоя чилигининг ривожланишига асос бўлган.
Ўзбек адабиётида реалистик Ҳикоя жанри 20-а. бошларида шаклланди (Чўлпон, «Қурбони жаҳолат», «Дўхтур Муҳаммадёр, 1914; А. Қодирий, «Улоқда», 1915 ва б.). 20-й. ларда Ғ. Ғулом, А. Қаҳҳор, Ойдин ва б. бу жанрда баракали ижод қилдилар. 30-й. ларда А. Қаҳҳор Ҳикоя устаси сифатида танилди. 50—60-й. ларда С. Аҳмад, 60 —70-й. ларда Ў. Ҳошимов, Ш. Холмирзаевлар бу жанр тараққиё-тига салмоқли ҳисса қўшдилар.
«Ҳикоя» атамаси кенгроқ маънода бирор воқеани гапириб беришни ҳам англатади. Сўзлаб берилган бундай воқелик ўз қамрови, ҳажми, ранг-баранглиги билан қисса ёки романга хос бўлиши ҳам мумкин. Бундай ҳолларда бу атама жанр маъносида тушунилмайди. Мас, Ў. Ҳошимовнинг «Икки эшик ораси» романи 9 персонажнинг 49 та ҳикоясидан ташкил топган. Ш. Холмирзаев «Олабўжи» асарини «романдан катта ҳикоя» деб атайди. Ҳоз. ўзбек Ҳикоя чилиги О. Мухтор, Н. Аминов, С. Сиёев, Ф. Мусажонов, Х. Султонов, Э. Аъзамов, Н. Эшонқу-лов, Ш. Бўтаев ва б. ёзувчилар билан бойиди.
Ҳикоя инсон ҳаётида юз берган ихчам воқеани лўнда ифодалашга мўлжалланган. Унда шу воқеага қадар пер-сонаж ҳаётида нима бўлган, қандай рўй берган, ким билан — булар тўғрисида маълумот бериш шарт эмас. Жуда зарур бўлса, айрим деталлар орқали ишора қилиниши мумкин. Мас, А. Қаҳҳорнинг «Ўғри» Ҳ. сида Қобил бобонинг кечаги куни ҳақида лом-мим дейилмайди. Эгамберди пахта-фурушдан кичкина шарт эвазига иккита ҳўкиз олган Қобил бобонинг эртаси тўғрисида «Бу шарт кузда маълум бўлади», деб хабар беради, холос. Ғ. Ғулом эса «Менинг ўғригина болам» Ҳ. сидаги ўғрининг кечаги кунини лўнда деталлар орқали тўлди-ради. Уйдан бирон нарса олмай чиқиб кетган йигитнинг эртанги куни ҳақида ҳеч қанақа маълумот бермайди.
Ихчамлик Ҳикоянинг муҳим белгиси, лекин унда персонаж ҳаётидан бир-гина лавҳа, узоқ даврлик воқеалар, персонажларнинг бутун умр йўли, бир эмас, бир неча одамлар тақдири, характернинг шаклланиш жараёни, руҳий ҳолатларнинг алмашиниб туриши, муҳим фазилат бўлиб қолиши мумкин. Бироқ ҳар қандай кўринишда ҳам тасвир сиқиқ тарзда берилади.
Ҳикоя мазмунига кўра лирик, психологик, фалсафий, илмий-фантастик, сатирик, юмористик йўналишларда бўлиши мумкин. Шунингдек, очеркка яқин воқеий Ҳикоялар (Н. Фозиловнинг «Устозлар даврасида») ҳам бўлади. Ўзбек адабиётида бир мавзу, битта қаҳрамон ҳаёти билан боғлиқ бир неча ёзувчи томонидан ёзилган «ҳашар Ҳ. лар» ҳам учрайди.
Ад.: Владимирова Н., Султонова М., Узбекский рассказ, Т., 1968; Норма-тов У., Жанр имкониятлари, Т., 1970; Адабиёт назарияси, 2 ж. ли, Т., 1978—79; Адабиёт назарияси [Дарслик], Т., 1986; Ааабий турлар ва жанрлар, 3 ж. ли, Т., 1991—92.