ҲИМОЛАЙ

ҲИМОЛАЙ (санскритча ҳималая — қорлар макони) — Ер шаридаги энг баланд тоғ системаси, Ҳиндистон, Хитой, Непал, Бутан ва Покистон ҳудудларида, шим. да Тибет тоғлиги билан жан. да Ҳиндганг текислиги оралиғида жойлашган. Уз. 2400 км дан зиёд, эни 350 км гача. Тизмаларининг ўртача бал. 6000 м, энг баланд жойи 8848 м (қ. Жомолунгма чўққиси). 11 та чўққисининг бал. 8000 м дан зиёд. Ҳимолай аниқ морфологик ва табиий географик чегараларга эга: шим. да Ҳинд ва Цангпо (Браҳмапутра) дарёлари юқори оқимларининг кўндаланг тектоник водийлари, шим.-ғарбида Ҳиндураж тизмаси, шарқида Браҳмапутра дарёси дараси. Ҳимолай — Марказий Осиё чўллари ва Жан. Осиё тропик ланд-шафтлари ўртасидаги йирик орографик, иқлим ва флора тўсиғи ҳисобланади.

Ҳ. Ҳиндганг текислигидан 3 йирик поғона шаклида тик кўтарилган. 1-погона дарёлар даралари билан кучли парчалаб юборилган Сивалик (Олд Ҳимолай, ўртача бал. 900—1200 м) тизмасидан иборат. 2-поғонадаги алоҳида тоғ мас-сивлари ва тизмалардан иборат Кичик (Паст) Ҳимолай тоғлари 3-поғонадаги Катта (Баланд) ёки Бош Ҳ. тизмасидан тоғ оралиғи ботиқлари ва қад. музлик сойликлари (Катманду, Сринагар ва б.) билан ажралган. У ҳам ўз навбатида Ас-сом, Непал, Панжоб тизмаларига ажралади. Музлик кўп (майд. 33 минг км2). Ҳимолай альп орогенези даврида шаклланган бўлиб, жан. тоғолди қисми қум-тош ва конгломератлардан, туб ён бағир ва ўқ қисми гнейс, кристалли сла-нец ва метаморфик жинслардан тузилган. Фойдали қазилмалардан Кичик ва Катта Ҳимолайда магматик ва метаморфик жинслар мажмуи билан боғлиқ равишда мис, олтин, хромит, сапфир конлари бор. Ҳ. тоғолди букилмасида нефть ва газ конлари аниқланган.

Ҳ. Ҳиндистоннинг экваториал муссонлари билан Марказий Осиёнинг кон-тинентал ўлкаси ўртасидаги кескин иқлим чегарасидир. Ҳимолай ғарбий сектори иқлимига т-ранинг кескин тебраниши, кучли шамоллар хос. Қиши совуқ, янв. нинг ўртача т-раси —10°, —18°, 2500 м дан баландда қор бўронлари бўлади. Ёзи илиқ, июлнинг ўртача т-раси 18° атрофида, қуруқ. Ёғин миқдори цик-лонларга боғлиқ бўлиб (йилига тахм. 1000 мм), водий ва сойликларда тоғ ён бағирларига нисбатан 3—4 марта кам ёғади.

Ҳимолай ғарбида 1800—2200 м баландликда Ҳиндистоннинг кўплаб иқлим курортлари жойлашган. Шарқий қисми муссон режимли нисбатан иссиқ ва нам иқлимли. Ёзда 1500 м дан баланд ён бағирларда т-ра 35°, водийларда 45° гача кўтарилади. Ёмғир деярли тўхтамай ёғади. Жан. ён бағирларнинг ғарбида 2500 мм дан шарқида 5500 мм гача, ички р-нларда 1000 мм чамасида ёғин тушади. Ҳимолайнинг шим. ён бағирларига совуқ тоғчўл иқлими хос. Т-ранинг суткалик амплитудаси 45° гача, йиллик ёғин 100 мм чамасида.

Дарё ва сойлар, асосан, Ҳимолайнинг жан. ён бағирларида кўп бўлиб, юқори қисмида қор ва музликлардан, қуйи қисмида ёмғир сувларидан тўйинади. Водийлари чуқур ва тор, шаршара ва остона кўп. Тектоник ботиқларда ёки пастқам жойларда музликларнинг эришидан ҳосил бўлган кўллар, асосан, Ҳимолайнинг ғарбий қисмида жойлашган. Энг узун музликлар Жомолунгма ва Канчен-жангада. Музликларнинг қуйи чегараси Кашмирда 2500 м, марказий қисмида 4000 м.

Ҳимолайнинг ландшафти турли-туман. Баландлик минтақаси аниқ кўринади. Тоғ этаклари ботқоқлашган чангалзор — тераялардан, 1000—1200 м баландликкача шамолга рўпара ён бағирларда ва дарё водийларида доим яшил сернам тропик ўрмонлар, 1200—1500 м да доим яшил кенг баргли ўрмонлар минтақаси, 2200 м дан юқорида мўътадил минтақанинг барг тўкувчи ва игна баргли ўрмонлари, 2700 — 3600 м да игна баргли ўрмонлар, 3600-5000 м, баъзи жойларда 6000 м гача субальп ва альп ўтлоқлари мин-тақалари мавжуд. Ғарбий ён бағирларида сийрак ксерофит ўрмонлар ва бутазорлар, барг тўкувчи муссон ўрмонлари, 1200—1500 м дан Ўрта денгиз бўйига хос субтропик турлар тарқалган. Шим. ён бағирлари тоғ-чўл ландшафтлари — сийрак қуруқ ўт ва буталар, дарё водийларида тераклар ўсади. 5000 м дан юқориси гляциал-ниваль минтақа. Тупроқлари қорабалчиқли ботқоқ, қизил-қўнғир, ўрмонқўнғир, қўнғир-чала подзол ва тоғ ўтлоқи тупроқлар. Тоғ ён бағирларининг қуйи қисмида, тераяларда йирик сут эмизувчи ҳайвонлар — фил, каркидон, буйвол, қобон, антило-па; йиртқичлардан йўлбарс, қоплон; маймунлар яшайди. Қуш турларига бой. Шим. ён бағирларида тибет фау-наси — ҳимолай айиғи, ёввойи эчки, архар, қўтос ва кемирувчи кўп. Ён бағирларида 2500 м гача деҳқончилик қилинади. Плантация хўжалиги ривожланган. Суғориладиган террасаларда шоли экилади. Шим. Ҳимолайда 4500 м баландликкача арпа экилади. Аль-пинизм (асосан, Непалда) тараққий этган.