ҲИНД (санскритча Синдху, пушту тилида Абба-Син — дарёлар отаси) — Хитой, Ҳиндистон ва Покистондаги дарё. Уз. 3180 км, ҳавзасининг майд. 980 минг км2. Кайлас тизмаси (Тибет тоғлиги) дан, 5300 м баландликдан бошланади. Юқори оқимида чуқур тектоник водийда қояли даралар ҳосил қилиб, ўрта ва қуйи қисмида Ҳиндганг текислигининг ғарбий қисмидаги кенг водийда ирмоқларга бўлиниб оқади ва Арабистон денгизига дельта (майд. 8 минг км2) ҳосил қилиб қуйилади. Асосий ирмоқлари: ўнгдан — Гилгит ва Кобул, чапдан — Сатлаж. Ҳ. тоғларда эриган қор-музлик сувларидан, қолган қисмида муссон ёмғирларидан тўйинади. Баҳор ва ёзги тўлинсув даврида сув сатҳи тогларда 10—15 м, текисликларда 5 — 7 м гача кўтарилади. Сув тошқинларидан ҳимоя қилиш мақсадида дарё ўзани катта масофада марзалар билан ўралган. Ҳайдаробод ш. яқинида сув сарфи 3850 мУсек., энг юқориси 30 минг м3/сек. дан зиёд. Қуйи оқимида сугоришга кўп сув сарфланиши ва буғланиши натижасида суви камаяди. Қурғоқчил йиллар қуйи оқимида Арабистон денгизигача етиб бормай, баъзан қуриб қолади. Дарё йилига 450 млн. т оқизиқ келтиради. Ҳинд ҳавзасида 11 млн. га ер суғорилади. Кўплаб тўғон ва б. ирригация иншоотлари қурилган. Кобул дарёси қуйилган жойдан бошлаб вақт-вақти билан кема қатнайди. Ҳинд бўйида Ҳайдаробод, Суккур ш. лари, дельтаси яқинида Карочи денгиз порти жойлашган.