ҲИРОТ — Афғонистоннинг шим.ғарбий қисмидаги шаҳар, Ҳерируд дарёсидан суғориладиган воҳада жойлашган. Аҳолиси 167 минг киши (2003). Автомобиль йўллари чорраҳаси. Мамлакат ғарбий қисмидаги муҳим иқтисодий марказ. Пахта тозалаш, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати корхоналари мавжуд. Ҳунармандчилик ривожланган, қўлда турли матолар, гилам тўқилади. Қоракўл тери ва б. қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан савдо қилинади.
Шаҳар номи мил. ав. ҳам маълум бўлган. Сосонийлар даврида йирик шаҳарга айланган. 7-а. дан араблар қўл остида. Бу даврда Ҳирот янада ривожланди. Сомонийлар даврида эса Хуросоннинг асосий шаҳри. 10-а. бошларида Ғурийлар давлати таркибига кирди. 1020 й. дан Ҳиротни Ғазнавийлар ноиби султон Масъуд бошқарган. 1221 й. да шаҳарни Чингизхоннинг ўғли Тулуй қўшинлари эгаллаб, уни вайрон қилган. 1234 й. да шаҳар Ўқтойхон томонидан қайта тикланган. Мўғуллар босқинчилиги давридаги вайронагарчиликлар натижасида карвон йўллари Ўрта Осиёдан Ҳиндистон ва Хитойга Ҳирот орқали ўтган. Куртлар ҳукмронлиги вақтида шаҳар Хуросоннинг асосий шаҳри сифатида тез ўсди. 1383 й. дан Ҳирот Амир Темур давлати таркибига кирди. Дастлаб Мироншоҳ (1366—1408), кейинчалик Шоҳрух (1377-1447), Абу Саъид (1424-69), Султон Ҳусайн Мирзо (1438 — 1506) ва б. темурийлар давлатининг пойтахти бўлган. Ўша даврда Ҳирот жуда тараққий этган. Ўрта Шарқнинг йирик савдо, ҳунармандчилик ва маданий марказига айланган. Ҳиндистон, Хи-той ва Европа билан кенг савдо ва маданий алоқалар олиб борилган. Ҳирот ва унинг атрофида йирик мадраса, мас-жид, кўприклар ва б. жамоат бинолари қурилган. 16-а. дан Ҳирот Сафавийлар давлати таркибига киритилди. 1716 й. да мустақил Ҳирот ҳокимлиги тузилган. 1732 й. да шаҳарни Эрон шоҳи — нодиршоҳ эгаллаган. 1747 й. дан Дурронийлар давлати таркибида. 19-а. бошида ярим беклик маркази бўлиб қолган. 1863 й. дан Афғонистон давлати таркибида.
Ҳиротда Алишер Навоий, Жомий, Ҳофизи Абру, Мирхонд, Беҳзод каби олим ва фузалолар яшаб, ижод қилганлар. Ҳирот — ўрта аср миниатюра ва амалий безак санъатининг маркази (қ. Ҳирот миниатюра мактаби).
Меъморий ёдгорликлардан қалъа (15-а.), Жоме масжиди (13—14-а. лар), Мусалло ансамбли таркибидаги Гавҳаршодбегим масжиди миноралари, Абдулло Ансорий мақбараси (15-а.) ва б. сакланган.