ҲОФИЗ

ҲОФИЗ (араб. — ёддан билувчи, сақловчи) — 7-а. дан арабларда Қуръон сураларини ёддан қироат билан ўқувчи киши, қори. 11-а. дан мусулмон Шарқ мамлакатлари (жумладан, Ўрта Осиё ва Хуросон)да мумтоз ғазал ва достонларни ёддан айтган кишилар, шунингдек, ўзи ҳам ижодкорлик қобилиятига эга, куйоҳангларни эсда сақлаш қувва (ҳофиза) си ўткир бўлган, юқори малакали ашулачи, хонанда (мас, Тўйчи ҳофиз, Левича ҳофиз, Мадумар ҳофиз ва б.). Айни пайтда, ўз ғазалларини оҳангли ўқиган ҳассос шоирларга ҳам Ҳофиз даражаси нисбат берилган (Ҳофиз Шерозий, Ҳофиз Хоразмий ва б.). Халқ орасида «Ҳофизи намудор» (ном қозонган Ҳофиз), «Ҳофизи нусрат» (ғалаба қозонган, ҳофизлар беллашувида ғолиб чиққан Ҳофиз), «Ҳофизи меҳробхон» (Қуръон сураларини, «Наът» каби диний айтимларини ўта ёқимли овоз билан ўқийдиган Ҳофиз ; мас, Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис» асарида тилга олинган Ҳофиз Жалолиддин Маҳмуд ва б.), «Ҳофизи Қуръон» (бутун Қуръонни ёд билган қори) каби атамалар ҳам қўлланган.

Ўрта Осиёда Ҳофиз ва ҳофизлик санъ-ати «жирчи», «оқин», «гирчи», «гиранда» деб аталган ўзига хос хонан-далик анъаналари негизида ривож топган (қ. Борбад, Жиров). Ўзбекистонда 1920 й. ларда «Туркистон Республикаси халқ ҳофизи» унвони М. Қориёқубов, Тўйчи ҳофизларга берилган. 1940—60 й. ларда ва 1990 й. дан «Ўзбекистон халқ ҳофизи» ун-вони жорий этилган.

Бахриддин Насриддинов.