ҲОФИЗ ХОРАЗМИЙ

ҲОФИЗ ХОРАЗМИЙ (тахаллуси; исми Абдураҳим) (14-а. нинг 2-ярми, Хоразм — 15-а. нинг 30—40-й. лари, Шероз) — шоир. Эски ўзбек тили ривожига катта ҳисса қўшган. Ёшлиги Хоразмда кечган. Бу ердаги нотинчликлар туфайли 14-а. охирларида ўз ватанини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Самарқанд, Бухоро, Хўжанд, Ироқ, Кирмон, Исфаҳон, Табризда бўлиб, Шерозда турғун яшаб қолган. Иброҳим Султон саройига яқин бўлган. Ҳофиз Шерозий ижодига ҳурмат билан қараб, унинг анъаналарини ўзбек шеърия-тига олиб кирган, ўзбек халқини Шерозийники каби етук ишқий-фалсафий шеъриятдан баҳраманд қилиш ниятида «Ҳофиз» тахаллусини танлаган.

Ҳофизни кўрунг ушбу замон турк тилинда, Гар келди эса форсда ул Ҳофизи Шероз.

Ҳофиз Хоразмий ҳам ўз замонасининг инсон-парвар, маърифатпарвар вакили сифатида Ҳофиз Шерозий, Жомий, Навоийлар сингари диний-тасаввуфий дунёқараш вакилидир. Шеърларида Мансур Ҳалложни чуқур ҳурмат билан тилга олган.

Ҳофиз Хоразмий туркий тилда бой адабий мерос қолдирган. Шеърларидан девон тузган. Девонида 1052 ғазал, 9 қасида ва қатор мухаммас, таржеъбанд, таркиббанд, рубоий, қитъалардан ибо-рат 37264 мисра шеър бор. Уларда ин-сон бахт-саодати, эркинлиги, дунёвий севги-муҳаббат мадҳ этилган, замонасидаги турли ижтимоий иллатлар очиқ кўрсатилган. Шеърлари мазмун-мундарижасининг кенглиги, фалсафий теранлиги, инсон-парварлик руҳи, юксак бадиияти билан ажралиб туради. Тили содда, равон, халқ тилига яқин, Хоразм шевасига хос унсурлар кўп учрайди. Девонининг 15-а. нинг 30-й. ларида кўчирилган ягона қўлёзмаси Ҳиндистоннинг Ҳайдаро-бод ш. даги Салоржанг музейи кутубхонасида, фотонусхаси Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-тида сақланади.

Ас: Шеърлар, Т., 1980; девон, 1-2-китоб, Т., 1981; Ҳаёт васфи, Т., 1988.

Ад..Сулаймонов Ҳ. Ўзбек шоири Ҳофиз Хоразмий ва унинг Ҳайдарободдан топилган девони. «Адабий мерос», Т., 1976.