ҲОЖИ БАРЛОС

ҲОЖИ БАРЛОС (? – 1361) – Соҳибқирон Амир Темурнинт амакиси. мовароуннаҳрнинг нуфузли ва йирик (бекамир)ларидан. Амир Қазағоннинг ўғли амир Абдуллоҳ ўз қароргоҳини Самарқандга кўчирмоқчи бўлганда норози беклар томонидан ўлдирилгач, амир Баён Сулдуз ва амир Ҳожи Барлос мамлакатни ўз қўлларига олиб, идора этиш ва халқ осойишталигини таъминлашга ҳаракат қиладилар. Кеш ш. илгаридан Соҳибқирон ва амир Ҳожи Барлос аждодлари тасарруфида бўлган. Ҳожи Барлос нуфузи баланд бек бўлишига қарамай нисбатан журъатсиз ва қўрқоқ шахс эди. 1360 й. у Жете сипоҳининг бостириб келишидан қўрқувга тушади ва қадим юртини эътиборсиз қолдириб, Хуро-сон томон юзланади. Хуросондан қайтган Ҳожи Барлос амир Боязид билан иттифоқ тузиб Амир Темурга қарши Оқёр мавзесида жангга киради ва мағлубиятга учраб, Самарқандга қочади. Маълум муддатдан сўнг Ҳ. Б. Соҳибқирон билан ярашади ва улар амир Хизр устига юриш қилиб, ғалаба қозонишади. 1361 й. Жете ҳукмдори Туғлуқ Темурхон иккинчи бор Мовароуннаҳрга черик тортиб келганда Ҳожи Барлос ваҳима ва қўрқувга тушиб Кеш томонга, у ердан Жайҳунни кечиб ўтишга жазм қилади. Сабзавор вилоятининг Жўян туманидаги Хўроша қишлоғига етган чоғида шу жойнинг бир тўда исёнкорлари уни биродари Идику билан тутиб олиб, қатл этадилар.

Ад.: Низомиддин Шомий, Зафарнома, Т., 1996; Шарафуддин Али Яз-дий, Зафарнома, Т., 1997.

Loading...