ҲОШИМОВ

ҲОШИМОВ Ўткир (1941.5.8, Тошкент) — Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1991). ТошДУ нингфилол. ф-ти журналистика бўлимини тугатган (1964). «Қизил Ўзбекистон» (1959—62), «Тошкент ҳақиқати» (1963 — 66), «Тошкент оқшоми» (1966—82) газ. ларида адабий ходим, бўлим муди-ри. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида бош муҳаррир (1982-85). «Шарқ юлдузи» (1985-95), «Театр» (2005 й. дан) жур. ларида бош муҳаррир.

Илк китоби — «Пўлат чавандоз» (1962, очерклар тўплами). Биринчи йирик насрий асари — «Чўл ҳавоси» (1963). «Одамлар нима деркин» (1965), «Шамол эсаверади» (1966), «Қалбингга қулоқ сол» (1973) қиссалари эълон қилинган. «Баҳор қайтмайди» (1970), «Дунёнинг ишлари» (1982) қиссалари ёзувчига шуҳрат келтирган. «Баҳор қайтмайди» қиссасида истеъдодли бир йигитнинг шуҳрат илинжида хазон бўлган умри, руҳий-маънавий инқи-рози санъаткорона ифодаланган. Ҳазин ва нурли туйғулар билан йўғрилган автобиографик характердаги «Дунёнинг ишлари» асарида муаллиф ўз онаси тимсолида ўзбек оналарига хос улкан меҳр-мурувватни тараннум этган. Ёзувчининг «Му-ҳаббат», «Деҳқоннинг бир куни», «Урушнинг сўнгги қурбони», «Ўзбек иши» каби новеллалари ўзбек ҳикоячилигида муҳим ҳодиса бўлди. Илк романи «Нур борки, соя бор» (1976) да Ҳошимов ўзига замондоштенгдош жур-налист Шерзоднинг кечинмалари орқали ҳаяжонли маънавийахлоқий масалалар билан бирга ўткир ижтимоий муаммоларни кўтарган. «Икки эшик ораси» (1986), «Тушда кечган умрлар» (1994) романларида Ҳошимов замондош-асрдош одамлар тақцирини 20-а. нинг энг кескин фожиавий ҳодисалари — 2-жаҳон уруши ҳамда мустабид тузумнинг жинояткорона сиё-сати оқибатлари билан боғлиқ ҳолда таҳлил ва талқин этиш йўлидан борган. «Икки эшик ораси»даги деярли барча персонажлар уруш даврида уруш жафосини чеккан одамлардир. Асар пер-сонажлари тимсолида ўзбек халқи табиатига, миллат менталитетига хос бағрикенглик, бардош ва матонат каби фазилатлар очиб берилган. «Тушда кечган умрлар» романидаги Рустамнинг фожиавий қисмати орқали Ҳошимов афғон урушининг маъносиз моҳиятини теран ва таъсирчан ифода этган. Бутун умри давомида тоталитар режим сиё-сатининг қалқони ва қиличи сифатида иш кўрган, неча минглаб ҳалол одамлар дилини жароҳатлаган, ёстиғини қуритган Комиссар ҳам ўзига хос фожиавий образ. Бу кимсанинг фожиаси шундаки, у ўзи олиб борган қора ишларни ҳақ деб билган.

Ҳошимовнинг бир қанча асарлари экранлаштирилган. «Хазон бўлган баҳор», «Инсон садоқати» (1975), «Виждон дориси», «Тўйлар муборак» (1979), «Қатағон» каби драма, комедия, бир қатор киносценарийлар муаллифи. «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» (2001) китоби ижтимоий-маънавий ҳаётда муайян из қолдирган. Асарлари жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинган.

1-, 2-чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати. Олий Мажлис Матбуот ва ахборот қўмитаси раиси (1995—2004). Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лау-реати (1986). «Меҳнат шуҳрати» (1996), «Буюк хизматлари учун» (2001) орденлари билан мукофотланган.

Ас: Сайланма [2 ж. ли], Т., 1993.

Ад.: Шарафиддинов О., Ўткир Ҳошимов [«XX аср ўзбек адабиёти тарихи» китоби-да], Т., 1999; Норматов У., Руҳият манзиллари, Т., 2001; Расулов А., Ардоқли адиб, Т., 2001.

Умарали Норматов.