ҲОВУЗАК

ҲОВУЗАК, ҳавзак — хона, айвон шифтидаги чуқурча; меъморий шакл. Ўзбек меъморлигида 19-а. охири — 20а. бошларидан кенг қўллана бошланган. Бино шифти бўлак (кессон)ларга бўлиниб Ҳовузак ишланган. Ҳовузак айлана, тўртбурчак, юлдуз ва кўп қиррали шаклларда бўлиб, бўяма нақшлар б-н, баъзан муқарнаслар билан зийнатланган. Ҳовузак васса, шарафа, тўсин, устун, бошалар билан бирга шифтнинг жозибадор кўринишини ҳосил қилади. Тошкент (ҳоз. Амалий санъат музейи ва б.), Фарғона (Қўқондаги Худоёрхон ўрдаси ва б.), Бухоро (Болоҳовуз меъморий мажмуи ва б.)нинг меъморий ёдгорликларида Ҳовузак кенг қўлланган. 20а. — 21-а. бошлари ўзбек меъморлигида усталар жамоат ва турар жой бинолари (айниқса, фанерли шифтлар)да Ҳовузакларни қўллаб биноларнинг ички кўркамлигини бойитмоқда. Жумладан, Самарқанддаги Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуида уста А. Абдуллаев ишлаган Ҳовузаклар бинога янада кўрк бағишлаган.

Loading...