ҲУЖАЙРА ПОПУЛЯЦИЯСИ

ҲУЖАЙРА ПОПУЛЯЦИЯСИ — муайян хусусиятларига кўра бир хил бўлган ҳужайралар гуруҳи. Мас, янгиланиш қобилиятига биноан Ҳужайра популяцияси 3 типга ажратилади. Турғун Ҳужайра популяцияси янгиланиш қобилиятига эга бўлмайди (мас, сут эмизувчилар нейронлари). Бундай тўқималарда ҳужайралар сони улар ихтисослашуви бошланишидаёқ доимий бўлиб қолади ва бўлиниш қобилиятини йўқотади. Организм ҳаётининг охирида эса ҳужайралар сони бирмунча камайган бўлади. Ўсувчи Ҳужайра популяцияси янгиланиш ва ўсиш, ҳужайралар сонининг ортиши ва улар полиплоидизацияси (мас, жигар ва айрим бошқа безлар ҳужайрасида) ҳисобидан тўқима массасини ошириш хусусиятига эга. Янгиланадиган Ҳужайра популяцияси эскириб ўлган ҳужайралар ўрнига кам ихтисослашган ўзак ҳужайраларнинг бўлиниши ва ихтисослашуви натижасида янги ҳужайралар ҳосил қилиб туриш хусусиятига эга (мас, ичак эпителийси, қон ҳужайралари). Ҳужайра популяциясини функциясига кўра ҳам тасниф қилиш мумкин.