ҲУН ХОҚОНЛИГИ

ҲУН ХОҚОНЛИГИ, Улуғ ҳун хоқонлиги, Ҳунлар давлати — Марказий Мўғулистон, Байкалор-ти, Хэси йўлаги, Шим. Хитойда қадимда мавжуд бўлган давлат (мил. ав. 240 — мил. 216). Хитой манбаларида «шюнну» номи билан қайд этилган. Мил. ав. 3-а. охирида (214 й.) биринчи Хи-той империяси — Цинь (Чин) давлати ҳунларга ҳужум қилиб, уларга тегишли баъзи ҳудудларни босиб олган. Шундан сўнг, улар ўртасида узоқ муддатли уруш бошланган. Цинь империяси мудофаа девори қуриб ҳунларнинг отлиқ қўшинлари ҳужумига қарши тўсиқ яратишга киришган (қ. Буюк Хитой девори). Шунга қарамай, мил. ав. 209 й. янги ташкил этилган Ғарбий Ханьнинг дастлабки даврида ҳунлар илгари йўқотган ҳудудларни қайтариб олишга эришганлар. Мил. ав. 209 й. Моде Рузие давлатидаги тутқунликдан қочиб қутулиб отасидан ҳокимиятни тортиб олган. У чорак аср давомида атрофдаги барча туркий қабилаларни тобе этиб, мустақил Ҳун хоқонлигини ташкил этган. Мил. ав. 177—176 й. ларда ҳунлар ғарб томонга юриш қилиб, Шарқий Туркистон ва унинг ғарбидаги 26 давлатни, жумладан, Крурона, Усун, Хужис (Ўғуз) каби хонликларни бўйсундирган. Қанғ (Қангкия, Кангюй) давлати ҳам ҳунлар хоқонига тобелик изҳор этиб, у билан қудалашган. Хитой билан Ҳун хоқонлиги ўртасидаги чегара Буюк Хитой деворидан ўтган. Ғарб билан Хитойни боғлаб турувчи барча савдо йўллари Ҳун хоқонлиги назоратига ўтган. Хитой ҳукмдорлари Ҳун хоқонлиги билан қуда-андачилик қилиш ва уларга ўлпон тариқасида совға-саломлар юбориб туриш эвазига ўзларини ҳимоя қилишга мажбур бўлишган. Ҳунлар тобе мамлакатларда давлатни идора этиш усулини сақлаб қолишган. Шу туфайли айрим олимлар Ҳун хоқонлигини конфедерация тузумига қиёслашади.

Ҳун хоқонлигининг олий ҳукмдори «Тангриқут» (Хитой манбаларида танйи, шангюй, шаньюй) деб аталган бўлиб, у «Тангри фарзанди» деган маънони англатган. Ундан кейинги ўринда сўл қўл хони ва ўнг қўл хони каби кичик хонлар лавозими жорий этилган. Ҳарбий ишлар бўйича сўл қўл қўмондон ва ўнг қўл қўмондон каби 2 бош қўмондонлик лавозимлари таъсис этилган. Ҳун хоқонлигига тобе ўлкаларни Марказий ҳокимият томонидан қўйилган 14 та кичик хон бошқарган. Мамлакат ҳудуди ҳар бири 10 минг оиладан иборат туманларга бўлинган. Туман бошлиқлари кичик хонлар назоратида бўлган. Мил. ав. 2-а. нинг 2-ярмида Ғарбий Хань империяси кучайиб, Ҳун хоқонлигига қарши уруш бошлаган (мил. ав. 129 й.). Хитойликлар Ҳун хоқонлигига қарам давлатлар билан иттифоқ тузишга ҳаракат қилган. Чжан Цзяннинг Даван (Фарғона) давлатига юборилиши мазкур сиёсат билан боғлиқ бўлган. Ҳун хоқонлигининг ташқи сиёсати Ғарбий Хань империясининг тажовузига қарши ўзини мудофаа этишга қаратилган, ғалаба гоҳ у томон, гоҳ бу томонда бўлиб турган.

Мил. ав. 73—48 й. ларда 5 та ҳун ёбғуси (ҳокими) ўртасида бошланган уруш ҳунларни заифлаштирган. Бундан фойдаланган Хань ҳукмдори Сюанди (мил. ав. 73—48) Шим. ҳунлар тангриқутини Қанғ давлатига чекинишга мажбур этган. Мил. ав. 38 й. Ғарбий Хань ҳукм-дори Юанди Қанғ давлатига уруш эълон қилган. Қанғ хони Хитой билан келишишга ва ўғлини Хитой пойтахти Чангьанга гаров тариқасида юборишга мажбур бўлган. Бироқ Хитойдаги ички сиёсий ва ижтимоий вазият кес-кинлашган, натижада Ғарбий Хань сулоласи қулаган. Шундан сўнг Ҳун хоқонлиги яна кучайган.

Мил. 25 й. Шарқий Хань империяси ташкил топган, хитойлар билан ҳунлар ўртасидаги кураш яна авж олган. Натижада мил. 48 й. Ҳ. х. жанубий ва шим. қисмга ажралиб кетган. Жан. ҳунлар хитойлар билан тил топишиб, ўзаро тинчлик муносабатлари ўрна-тишга мажбур бўлганлар. Шарқий Хань давлати бундан фойдаланиб, Шим. ҳунларга қарши курашни давом эттирган. 89—134 й. лардаги уруш хитойликларга ғалаба келтирган. тарим воҳасидаги асосий шаҳарлар ҳунлардан тортиб олинган. Ҳунлар Қанғ давлати ҳудудига чекиниб, 2 а. га яқин мазкур давлат ерларида яшаганлар. 5-а. нинг бошида Иссиқкўлнинг ғарбида ҳунлар Юебань (Яйпан) давлатини ташкил этган. Бу давлат кейинчалик Или водийси ва унинг жан. даги ерларни ўз назорати остига олган.

Шим. ҳунларнинг бошқа қисми Ғарбга чекиниб, у ердаги маҳаллий халқлар билан аралашиб кетган ва Европада гуннлар номи билан машҳур бўлган янги халққа асос солишган.

Абдулаҳад Хўжаев.

Loading...