ҲУНЛАР

ҲУНЛАР, ҳуннулар — қадимда Марказий Осиёда шаклланган кўчманчи халқ. Ҳ. бундан 4 минг йил муқад-дам мавжуд бўлган дилар таркибига кирган. Хитой манбаларида Ҳунлар турли даврларда 32 хил номда (квей, куй, куйфан, куйрунг, хунйи, ҳу, шю-нюн, сюнну ва б.) келтирилган. Баъ-зан улар бэйди (шим. турк) деб ҳам аталган. Олимлар ўртасида Ҳунлар этноними кун (қуёш) сўзидан келиб чиққан, деган фикр мавжуд. Япония олимларининг фикрича, «шюнну» — «кун» сўзининг хитойча транскрипцияси бўлиб, у тангри фарзанди, кунга (қуёшга) топинган одам, халқ каби маъноларга эга бўлган. Аммо хи-тойлар шюнну атамасини ёзишда «даҳшатли қул» маъносини англатадиган 2 иероглифни қўллашган. Хитой манбаларида Ҳун хоқонлиги ҳам Шюнну деб номланади. Ҳунлар сялар (қад. хитойлар) нинг шим. да-ги ғарбий қўшнилари бўлиб, мил. ав. 2—1-минг йилликда ҳоз. Хэси йўла-ги, Ордос яйловларида яшаганлар. Мил. ав. 3-а. охирида Ҳунлар Модехоқон бошчилигида дунху, юечжи, гяньгун (қирғиз), усунларни тор-мор қилиб Хитойга бостириб кирганлар ва император Лю Банни ўлпон тўлашга мажбур қилганлар.

Мил. ав. 1-а. да Ҳунлар орасида ўзаро низолар келиб чиққан, натижада тобе эттирилган барча қабилалар улардан ажраб чиққан ва Хуханье тангриқут Хитойга номига вассал бўлиб қолган (мил. ав. 51 й.). Мил. 1-а. бошида Хи-тойнинг заифлашуви Ҳунларга мустақилликни қайтариб олиш имконини берган, аммо 48 й. саккизта ҳун уруғлари қайтадан Хитойга тобе бўлиб қолган; Жанубий Ҳунлар улардан тарқалган. Шимолий Ҳунлар 87—93 й. ларда хитойлар, сянь-билар ва динлинлар иттифоқидан мағ-лубиятга учраганлар, лекин 93 й. дан кейин ҳам уларнинг бир қисми Мўғулистон чўлларида кўчманчилик қилиб юришган. Шимолий Ҳунларнинг бошқа қисми Ғарбга чекиниб, маҳаллий халқлар билан чатишиб Европада гуннлар номини олган янги халққа асос солган. Шимолий Ҳунларнинг яна бир қисми Юебань (Яйпан) номи билан Еттисув ва Тарбағатайда ўтроқлашган. Уларнинг давлати 5-а. охирида теле қабилалари томонидан вайрон этилган. Ўрта Осиё Ҳ. ининг қолдиқлари — чуюе, чуми, чумугун ва чубанлар 6-а. да Ғарбий турк хоқонлиги туркийларига тобе бўлишган. Чуюе ва чумиларнинг тармоғи — шато қабиласининг тарихий тақдири алоҳида кечган. Мил. 3-а. бошида сафларини ўз қабиладошлари билан тўлдирган Жанубий Ҳунлар 304 й. қўзғолон кўтариб Лю-хань империясига (304— 318) асос солганлар; бу давлат Катта Чжао ва Кичик Чжаога пар-чаланиб кетган. Кичик Чжао 329 й. Катта Чжаони тобе этиб, бутун Шим. Хитойни ўзига бўйсундирган, бироқ ёшлигида Ҳунлар хоқони томонидан ўғил қилиб олинган хитойлик Жань Минь ҳокимиятни эгаллаб олиб, Кичик Чжао салтанатидаги барча Ҳунларни қат-лиом этишга буйруқберган. Фақат ордос ва Наньшань тоғ ён бағирларида (ҳоз. Ганьсу вилояти) яшаётган Ҳунлар омон қолишган. Ордослик ҳун Хэлян Бобо Ся подшолигига асос солган (401—431), наньшанлик қабила сар-дори Мэн Сунь — Бэй Лян хонлигини тузган (397—439). Бу ҳар икки давлат табғач (тоба) халқи томонидан тугатилган. Ҳунларнинг қолдиқлари Турфонга чекиниб, у ерда 460 й. гача, яъни жужанлар томонидан тор-мор этилма-гунларигача яшаганлар.

Ҳунлар европеоид ирққа мансуб бўлиб, тарихчилар орасида Ҳунларнинг тили мўғул тили гуруҳига киради деган фикр ҳам мавжуд. Хитой манбаларидаги маълумотлар бундай фикрнинг нотўгрилигини кўрсатади. Ҳунлар терига хат ёзиб китоб қилишган. Ҳунларнинг урф-одатларига кўра, бир уруғ доирасида қиз олиш ва қиз бериш қатъиян ман этилган. Узатилган қиз келин қилган уруғнинг аъзоси ҳисобланиши билан бирга, у меросхўрлик ҳуқуқига ҳам эга бўлган. Шунинг учун мабодо келин бева қолса, у қайнота ва қайнона уруғи доирасидан чиқиб, бошқа уруққа келин бўла олмаган. Мерос бўлиб қолган мулкни уруғ доирасида сақлаб қолиш мақсадида бундай бевалар марҳум эрнинг ака-укаларига хотин бўлиши одатга кирган. Одатда улар ўзаро ва ўзгалар билан бўлган келишувларни оғзаки битим қилишган ва берилган ваъ-дага хиёнат қилишмаган. Ўликни сар-қофага солиб тепаликка дафн этишган. Қасддан одам ўлдирганларга ўлим жазоси беришган, майда ўғирлик қилганларни қўлини кесишган, катта ўғирлик қилганларни ўлимга маҳкум этишган. Қамоқжазоси 10 кундан орт-маган. Ҳунлар тангричиликкя эътиқод қилганлар, Тангрини худо деб билганлар. Ваъдага вафо қилишмаганлар Танг-рининг қаҳрига учрайди деб билишган. Тангрининг неъмати сифатида қуёш ва ойга сажда қилганлар. Ҳунлар қўшиқ айтиш ва ўйинга тушишни яхши кўришган. Чолғу асбоблари ичида най, сурнай, қубус, пипа (ги-тарага ўхшаган), чанг кабилар бўлган. Рассомчилик ва ҳайкалтарошлик санъати ҳам Ҳунларда яхши ривожланган. Нефрит, олтин, темир ва мисдан ҳайвонларнинг ҳайкалларини ҳамда турли идиш-товоқлар ясаш санъати кенг ривожланган. Эгар-жабдуқ ясаш ва уларга нақш бериш санъати юксак даражада бўлган. Пўлатдан ясалган қилич ва ханжарлар Хитойга элтиб сотилган. Ҳунлар ҳаётида чорвачилик билан бирга деҳқончилик, ҳунармандчилик ва савдогарлик муҳим ўрин эгаллайди. Ҳунармандчилик соҳасида темирчилик, мисгарлик, заргарлик, кўнчилик, кулолчилик, дурадгорлик, тўқимачилик, айниқса, гилам тўқиш умумий и. ч. нинг муҳим йўналишлари бўлган. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар хорижий мамлакатларга, жумладан, Хитойга ҳам олиб кетилган.

Ад.: Гумилев Л. Н., Хунну, М., 1960; Руденко С. И., Культура хуннов и ноинулинские курганн, М.-Л., 1962.

Абдулаҳад Хўжаев.

Loading...