ҲУРУФИЙЛАР

ҲУРУФИЙЛАР — 14-15 – а. ларда Эронда вужудга келган ислом таълимотидан йироқлашиб кетган шиа фирқаларидан бирининг тарафдорлари. Фирқага Фазлуллоҳ Астрободий (тахм. 1340—тахм. 1401) асос солган. 1386 — 87 й. ларда у ўз таълимотини тарғиб қилиб чиққан. У араб ҳарфлари сирли мазмунга эга деган таълимотни илгари сургани учун алҳуруфий (луғавий маъноси «ҳарфчи») тахаллусини олган, фирқанинг номи шундан келиб чиққан. Тарихий маълумотлар бўйича, уни Амир Темур Ширвонга бадарға қилган, шу сабабли Ҳуруфийлар Темур ва унинг хонадонидан бўлган ҳукмдорларга нафрат билан қараган. Темурнинг Эрон ва Озарбайжон ерларида ҳукмрон бўлган ўғли Мироншоҳни улар даж-жол деб таърифлаган. Ҳуруфийлар тез вақт ичида Эрон, Озарбайжон, Туркия ва Сури-яда тарқалган. Ҳуруфийлар олам абадий, инсонда худонинг қиёфаси акс этган, олам тараққиётининг ҳар бир босқичида худо қиёфаси инсонда мужассамланиб намоён бўлади, ана шунда инсоннинг ўзи худо бўлади, охирги пайғамбар — Муҳаммад, авлиёларнинг биринчиси Али, ўн биринчи имом Ҳасан ал-Ас-карий эса имомларнинг охиргиси, Фазлуллоҳ Астрободий — худо мужас-самлашган биринчи инсон, деган таълимотни илгари суради. Тез орада ерга Маҳдий келиб, илоҳий адолат ўрнатади, барчани тенг қилади, инсоннинг инсонга зулм қилиши тугайди, деб кутади. Улар мавжуд ҳокимиятга қарши қуролли кураш тарафдори бўлган, 1426—27 й. ларда Ҳиротда темурийлардан бўлган ҳукмдор Шоҳрухга қарши суиқасд уюштириб, уни ярадор қилди, лекин у тирик қолди. Қўлга олинган Ҳуруфийлар махфий ташкилотининг аъзолари беаёв жазоланди ва жасадлари оловда ёндирилди. Ҳуруфийлар қаттиқ таъқиб остига олинди ва кейинчалик Эронда тугаб кетди.