ҲУСАЙН

ҲУСАЙН ибн Али (626-680) – Али ибн Абу Толибнинг (Фотимадан туғилган) кичик ўғли, Муҳаммад (сав) нинг набираси, 3-шиа имоми. 669 й. да Ҳасан вафот этгандан кейин Али тарафдорлари уни ўз раҳбари деб эълон қилган. 680 й. халифа Муовия ўлгандан кейин Ироқда умавийларга қарши ҳаракат фаоллашган. Ҳ. Язидга байъат қилишдан бош тортган. Куфа шиалари Ҳусайнни ўзларининг имоми деб тан олиб, Куфага таклиф этган ва халифа Язидга қарши қўзғолонга бош бўлишни сўраган. Ҳ. Маккадан Куфага жўнайди. 70 жангчиси билан Куфага яқин Карбало даштига етиб келганида 4 минг кишилик халифа Язид қўшинлари унга қарши чиққан. 680 й. 10 окт. куни Ҳусайн жангда шаҳид бўлган, жасади ўша ерга дафн этилган. Шу муносабат билан Карбало шиаларнинг асосий муқаддас зиёратгоҳига айланган. Ҳусайн ҳалок бўлган сана шиаларда мотам куни сифатида нишонланади (қ. Ашуро).