ҲУСАЙНИЙ, Атоуллоҳ (тўлиқ исми Амир Бурҳониддин Атоуллоҳ Маҳмуд Ҳусайний Нишопурий) (тахм. 15-а. нинг 40-й. лари, Нишопур — 1513, Машҳад) — форс адабиётшуноси, шоир. Ҳусайний Шарқ шеърияти маса-лалари билан шуғулланиб, «адабиёт билим-дони» сифатида танилган, муаммо санъатида ўз даврининг ягонасига айланган. Ҳиротнинг машҳур Ихлосия, Султония ва б. мадрасаларида дарс берган. Илми бадеъ бўйича кенг ва чуқур билимга эгалиги туфайли Алишер Навоий эътирофига сазовор бўлган. Навоий унга давлат ҳисобидан маош ажратган; ўз ҳузурига чорлаб, адабиётшунослик масалалари бўйича суҳбатлар қурган, бадиий санъатларга доир асар ёзишга даъват қилган. «Бадойиъ уссанойиъ» («Бадиий санъаглар») асари ана шу даъватлар натижасида вужудга келган (1493) ва Алишер Навоийга бағишланган. Шунингдек, унинг «Рисолаи қофия» («Қофия ҳақида рисола») асари ҳам мавжуд. Бу асарларда ўзигача ўтган адабиётшуносларнинг фикрларини умумлаштирган ва ривожлантирган. «Ато», «Атоий», «Атоуллоҳ» тахаллуслари билан шеърлар ёзган.
Навоийнинг ҳам, бошқа замона фозилларининг ҳам эътирофу олқи-шига сазовор бўлган «Бадойиъ усса-нойиъ» асари билан Ҳ. Шарқ мумтоз поэтикаси ривожига улкан ҳисса қўшган. Бу асар дебоча, муқаддима, 3 санъат тури ва хотимадан иборат: дебоча китобнинг ёзилиш сабаби, муқаддима аруз вазни ва зиҳофлари хусусида бўлиб, 1-бобда 60 та лафзий санъат, 2-бобда 63 та маънавий санъат, 3-бобда 23 та лафзию маънавий санъат тўғрисида маълумот берилган. Хотима 2 қисмдан иборат: биринчисида шеърнинг маъно билан боғлиқ иллатлари ҳақида фикр юритилиб, 2-бобда 15 та атамага изоҳ берилган. Ҳусайний санъатларни лафзий. маънавий ва лафзию маънавийга ажратадики, бу олдинги адабиётшунослар китобларида учрамайди.
Бадиий санъатларга мисол қилиб 50 га яқин шоир ижодидан намуналар берилган, ўз ижодидан эса тахм. 700 байт шеър келтирилган. Ҳусайний китобида 147 та санъат берилган ва шундан 32 тасини олимнинг ўзи кашф этган. У турли муносабат билан асарда Навоий номини тез-тез тилга олган, унга атаб ёзган шеърларини илова қилган.
«Бадойиъ уссанойиъ»ни ўзбек тилига Алибек Рустамов аслиятига мос ҳолда мукаммал таржима қилиб, шарҳу изоҳлар билан нашр эттирган.
Ас: Бадойиъ уссанойиъ, Т., 1981.
ЛЛ. Алишер Навоий, Мажолис уинафоис [Мукаммал асарлар тўплами) 13-ж., Т., 1998; Хондамир, Макорим улахлоқ, Т., 1967; Зай ни ддин Восифий, Бадоеъ ул-вақоеъ, Т.. 1979; Олимов С, Наво-ийнинг шеършунос шогирди, Т., 1990; Ҳай – итметов А., Адабий меросимизуфклари, Т., 1997,Ҳомидий Ҳусайний, Кўҳна Шарқ дар-ғалари, Т., 1999.
Эргаш Очилов.