ИБИССИМОНЛАР

ИБИССИМОНЛАР (Ibididae ёки Threskiornithidae) — лайлаксимонлар туркуми оиласи. Тумшуғи узун, ўроққа ўхшаб пастга эгилган (қоравойлар) ёки тўғри ва ясси, учи куракка ўхшаш кенгайган (қошиқ бурунлилар). Бўйни ва оёқлари узун, бошининг бир қисми, баъзан бўйни патсиз. Олдинги бармоқларининг асосида сузгич пардаси бор. Кўпчилик турлари овоз чиқармайди. 20 уруғи, 32 тури бор. Ибиссимонлар тропик ва мўътадил иқлимли ўлкалардаги сув ҳавзаларида яшайди. Ўзбекистонда 2 тури: қошиқбурун (Plataleo leucorodia) ва қоравой (Plegadis falcinellus) Орол денгизи бўйида ва Амударёнинг қуйи оқимидаги кўлларда учрайди. Қамишлар орасида гала бўлиб уя қуради. Уяга 2—3 та тухум қўяди. Ҳашаротлар, чувалчанглар, моллюскалар, майда баликлар, бақалар билан озиқланади.

Loading...