ИБН АЛ-ФАҚИҲ

ИБН АЛ-ФАҚИҲ Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ал-ҳамадоний (10-а.) — ўрта аср араб географи, тарихчиси ва мухаддиси. Ҳамадонда туғилган. Аббосийлардан халифа Ал-Муътазид (892—902) ва Ал-Муқтафий (902—908) даврида «Китоб ахбор ал-булдон» («Мамлакатлар тўғрисидаги хабарлар китоби») асарини ёзган (902—908). Уни ёзишда ўзидан олдин ўтган Ибн Фазлон, Абу Дулаф, Ал-Жоҳиз, Алмадоиний, Ал-Балозурий, Ибн Қутайба асарларидан фойдаланган. Асарда қитъалар ва денгизларни, Хитой, Ҳиндистон, араб мамлакатлари, Византияни тавсиф қилган, Ўрта Осиёнинг вилоят, шаҳарлари тарихи, геогр. си, туркий халқлар таърифи ва уларнинг жойлашиши тўғрисидаги маълумотлар муҳим аҳамиятга эга. Асарнинг Ўрта Осиёга бағишланган қисмини Де Гуе немисчага таржима қилиб, нашр эттирган (1885).