ИБН ДОВУД

ИБН ДОВУД, Авраам (тахм. 1100, Толедо — тахм. 1180, Кордова) — яҳудий тарихчиси ва файласуфи. «Ал-ақидат уррафиъа» («Юксак имон») асарида даврининг тараққийпарвар ғояларини илгари сурди ва Ибн Сино асарлари таъсирида Ибн Жебирол неоплатонизмига қарши чиқди. Ибн Довуднинг фалсафий қарашларида материалистик фикрлар билан бирга диний ақидаларга ишониш ҳам бор. Жумладан, И. Д. Библиянинг дунё йўкликдан, ҳеч нарсадан Худо томонидан яратилган деган фикрини ҳимоя қилди. Ибн Довуд фатализмни инкор этди ва инсон иродаси эркинлиги тўғрисидаги таълимотни ишлаб чиқди. Ибн Довуд ўрта аср тараққийпарвар мутафаккирлари ижодига катта таъсир кўрсатди.