ИБН ЗАЙЛА, Абу Мансур Ҳусайн бин Муҳаммад бин Тоҳир бин Умар Зайла (? — 1048) — қомусий олим, мусиқашунос. Заҳириддин Байҳақийнинг маълумотича, исфаҳонлик. Ибн Синонинг яқин шогирди ва сафдоши. Ўз даврида турли (тиббиёт, табиий ва аниқ) фанлар билимдони (кўп асарлари маълум) бўлганлигидан ҳаким (донишманд) деб юритилган. «Китоб ал-кафи фи алму-сиқа» («Мусиқага оид тўлиқ китоб») асари машҳур бўлиб, унинг 2 қўлёзмаси бизгача етиб келган (Лондон, Британия музейи кутубхонаси ҳамда Ҳиндистон, Рампур ш. даги Ридо кутубхонасида сакланмоқда; араб мусиқашуноси Закария Юсуф бу китобни 1964 й. Қоҳирада нашр эттирди). Унда Мовароуннаҳр ва Ҳуросон халқлари мусиқа маданиятига оид маълумотлар мавжуд. Жумладан, ўша даврда кенг тарқалган мусиқа жанрлари, куй ва қўшиклар, мусиқа чолғулари ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, таълиф (композиция), ийқо (усул-ритм), вазн ва оҳанг муаммолари ёритилган.