ИБРОҲИМОВ Неъмат (1925, Тошкент) — ёғоч ўймакори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1969). Отаси уста Иброҳимжон Зокировдан ҳунар ўрганган. Иброҳимов ижодида анъанавий нақш санъати (ислимий нақшлар) ни кенг қўллаб, уни янги оҳанглар билан бойитган, маҳо-батли ўймакорлик санъатини ривожлантирди. Жуфтлама эшиклар, деворий намоёнлар ва б. яратган, уларнинг безак мужассамотида йирик йўллар ҳосил қилувчи оҳанглар қаторида майда нафис нақш тасвирларини ҳам қўллаган, 2—3 қаватли та-бақа пардоз усулидан кенг фойдаланган. 1950 й. дан Иброҳимов яратган ишлари (китоб жавони, стол ва б. буюмлар) билан кўргазмаларда қатнашади. 1966 й. Тошкент зилзиласидан кейин шаҳарни қайта қуриш ишларида фаол иштирок этди. Вазирлар Маҳкамаси биноси кинолекция залига 10 та намоён (1967), «Россия» меҳмонхонаси учун намоён, Навоий номидаги адабиёт музейи учун икки эшик (1968; Ҳамза мукофоти, 1968) хамда намоёнлар (1974, 1978), ҳоз. Ўзбекистон халқлари тарихи музейи биносининг ички безаклари (1970), «Ўзбекистан» меҳмонхонаси учун эшиклар (1980), Ўқувчилар ва болалар саройи учун эшик ва панжара (1982), «Ширин» қаҳвахонаси учун эшик (1984) ва б. яратди. Ишларидан намуналар республика музейларида сақланади.