ИЧКИ СЕКРЕЦИЯ

ИЧКИ СЕКРЕЦИЯ — организмдаги ҳар хил аъзо ва тўқималарнинг қонга ёки тўқима суюқлигига махсус моддалар ишлаб чиқариши. Одатда, Их. безлари (эндокрин безлар) деганда махсус физиологик фаол моддалар — гормонларни синтезлаб, организмнинг бевосита ички муҳити — қон ва тўқима суюқлиғига чиқарувчи безлар тушунилади. Ички секреция безларига гипофиз, қалқонсимон без, қалқонсимон без ёнидаги безчалар, буйрак усти безлари, меъда ости безининг оролча (инк-ретор) қисми, жинсий безларнинг бир қисми, шунингдек, эпифиз (ғуррасимон без), айрисимон без (тимус) киради. Ички секреция безларининг ҳаммаси бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлиб, ягона функционал системани ташкил этади, унинг фаолиятини нерв системаси бошқаради. Гипофиз И. с. безлари орасида алоҳида ўрин тутади. Ички секреция безларидан чиқадиган гормонлар организмнинг турли аъзо ва системаларини бир-бирига боғлайди, организм функцияларининг гуморал йўл билан (суюқликлар воситаси б-н) бошқарилишида қатнашади. Ички секреция безларининг асосий вазифаси моддалар алмашинуви, ўсиш, жисмоний тараққиёт ва балоғатга етишни бошқаришдан иборат.

Организмнинг ўзгариб турадиган ташқи ва ички муҳит шароитига мослашувида Ички секрециянинг аҳамияти катта. Мас, гавда т-расининг рефлекс йўли б-н бошқарилишида гипофиз ва қалқонсимон бездан чиқадиган гормонлар миқдори ўзгариб туради. Организмга инфекция, интоксикация (заҳарланиш), шикастлар, оғриқ таъсир этганда, киши ҳаяжонланганда ва шунга ўхшаш ҳолларда буйрак усти безлари, гипофиз ва қалқонсимон без тегишли гормонларни кўпроқ чиқаради; айни вақтда, моддалар алмашинуви куча-йиб, юрак уриши тезлашади, шикастлар ёки интоксикация таъсирида қон босими кўтарилади ва организмнинг бошқа бир қанча функцияси фаолла-шади, буларнинг ҳаммаси организмнинг ўзгарган шароитга мослашувига ёрдам беради. Ички секреция безлари гарчи бир-бирига таъсир этса ҳам, бирор безнинг кўпроқ зарарлангани ҳақида фикр юри-тишга ва унинг касаллиги ҳақида га-пиришга имкон берадиган муайян сим-птомларни ажратиш мумкин. Мас, гипофизнинг олдинги бўлаги етарли ишламаганда бўй ўсмайди, одам озиб кетади (кахексия); гипофизнинг оркадаги бўлаги етарли ишламаганда қандсиз диабет, олдинги бўлаги касалланганда гигантизм ва акромегалия рўй беради ва ҳ. к. Буйрак усти безлари пўстлоқ қаватининг функцияси бузилганда бронза касаллиги, аёлларда шу қават гормонларидан бири ортиқча ҳосил бўлганда вирилизм рўй беради. Буйрак усти безларининг мағиз қавати зарарланганда адреналин кўп ишланиб чиқиши туфайли қон босими дапқир-дапқир кўтарилади, гавда т-раси ўзгариб туради, қонда қанд кўпаяди (гипергликемия). Меъда ости безининг оролча (инкретор) қисми инсулин гормонини кам чиқарганда қандли диабет пайдо бўлади.

Қалқонсимон безнинг ортиқча ишлаётганлиги диффуз токсик буқоқда, кам ишлаётганлиги эса микседема ва эндемик буқоқда намоён бўлади. Қал-қонсимон без ёнидаги безчалар етарли ишламаганда кальций ва фосфор алмашинуви, жигарнинг заҳарларни за-рарсизлантириш функцияси бузилади, натижада тетания рўй беради.

Ички секреция безларининг касалликларини эндокринолог врач даволайди. Беморга гормонал препаратлар, рентгенотерапия, операция, парҳез, физиотерапия ва иқлим билан даволаш буюрилади.

Ад.: Қодиров У. 3., Одам физиологияси, Т., 1996; Аҳмедов Н. К., Нормал ва патологик анатомия билан физиология, Т., 1990; Клиническая эндокринология: Руководство для врачей / Под. ред. Старковой Н. Т., М„ 1991.

Loading...