ИДИОАДАПТАЦИЯ (юн. Idios – махсус, ўзига хос ва адаптация) , алломорфоз — организмлар яшаш тар-зининг ташқи муҳитнинг муайян шароитига хусусий мослашуви. Эволюциянинг Идиоадаптацияга мос келадиган йўналиш аллогенез дейилади. «Идиоадаптация» терминини рус олими А. Н. Северцов (1925) таклиф этган. Идиоадаптация организмлар гурухининг тузилиш даражасига кучли таъсир кўрсатмаслиги билан араморфоз ва регрессив ўзгариш — катаморфоз (морфофизиологик дегенерация)дан фарқ, қилади. Идиоадаптация муайян тузилиш даражасида адаптив радиацияни таъминлайдиган ўзгариш бўлганлигидан қуйи таксономик гуруҳлар (уруғ, оила, тур) учун хос. Идиоадаптацияга мисол тариқасида озиқланиш усули ва озиқ турига биноан қушлар тумшуғи тузилишидаги фарқ қилувчи белгиларни, ўсимликлар гулининг ҳар хил усулда (шамол, сув ёки ҳашаротлар орқали) чангланиши, ўсимликлар уруғининг ҳар хил усулда (шамол, қушлар, сут эмизувчилар б.) таркалишини кўрсатиш мумкин. Идиоадаптация араморфозга нисбатан қисқа муддат давом этади ва тез-тез содир бўлиб туради.