ИДИОФОНЛАР (юн. idios — ўзига хос ва phone — товуш) — бевосита ўзи садо берувчи материаллардан ясаладиган мусиқа чолғулари. Идиофонлар, одатда, табиатан муайян садоли материаллар (металл, ёғоч, шиша, тош)нинг ўзидан иборат бўлади; баъзан улардан чолғунинг садо манбаи ясалади. Садолантириш усулига кўра, Идиофонлар қуйидагиларга бўлинади: чертма Идиофонлар (чангқўбиз), фрикцион (ишқаб садолантирувчи) Идиофонлар (шиша гармоника ва б.), урма И. (гонг, занг, ксилофон, қайроқ, қўнғироқ, лаппаклар, ва б.).