ИДИОСИНКРАЗИЯ

ИДИОСИНКРАЗИЯ (юн. idios – ўзига хос ва synkrasis — аралашув) — одам организмининг баъзи овқатларга (сут, қулупнай, тухум ва б.) ва дори моддаларга (пенициллин, сульфаниламид препаратлар, пирамидон, хинин, йод, бром ва б.) ортиқ даражада сезувчанлик ҳолати. Идиосинкразия аллергик ҳолатлардан бири (қ. Аллергия). И. нинг ривожлани-шида ирсий мойиллик катта роль ўйнайди. У шиллиқ пардаларнинг қизариши, эшакем тошиши ва бурун, бадан қичишиб ачишиши, т-ра кўтарилиши билан намоён бўлади. Оғирроқ ҳолларда нафас қисиши, астмага ўхшаш ҳуружлар, қусиш, ич кетиши мумкин. Бетоблик ҳолати бир лаҳзада ёки бир неча кундан кейин ўтиб кетади. Идиосинкразиянинг ривожланиш механизми аллергик ре-акциядан фарқ қилиб, бунда антитело ва сенсибиллашган ҳужайралар пайдо бўлмайди (қ. Сенсибилизация); киши ўта сезувчан бўлган модда организмга кириши билан унга жавоб реакцияси вужудга келади. Идиосинкразия пайдо бўлганда уни келтириб чиқарган овқат ёки дориларни тарк этиб, врачга мурожаат қилиш керак.

Prev Article

ИДИОМА

Next Article

ИДРИС