ИЕРАРХИЯ

ИЕРАРХИЯ (юн. hierarchia, hieros — авлиё ва arche — ҳукмронлик, ҳокимият) — бир бутун нарса ёки ҳодисалар айрим қисмлари ёки элементларининг юқоридан қуйига томон бир тартибда жой олиши. Фанга Иерархия тушунчаси 19-а. нинг 2-ярмида кириб келди. Дастлаб Иерархия жамиятнинг синфий табақаланишини ва ҳокимият тузилишини тавсиф этиш мақсадида қўлланилган. 20-а. дан бошлаб эса ҳар қандай объект системасини тавсиф этишда қўлланила бошланди.

Б иол. да Иерархия термини бир гуруҳга мансуб ҳайвонлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни, яъни уларнинг озиққа, қарамақарши жинсга ёки қулай пана жойга эга бўлиш борасидаги фаолия-тини бошқариб турадиган хаттиҳаракатларни ифодалайди. Иерархия турғун бўлмасдан вазиятга қараб ўзгариб туриши (нисбий доминантлик) ёки мутлақ бўлиши (мутлақ доминантлик) мумкин. Мутлақ доминантлик кўпинча тўғри чизиқли (йўналишли) хусусиятга эга (мас, А индивиднинг Б устидан, Б нинг эса В устидан ва ҳ. к. тарзда устунлик қилиши) бўлиб, ҳар бир индивиднинг гуруҳда ўз мавқеи бор. Чизиқсиз Иерархияда унинг таркибий қисмлари ўртасида муносабатлар шароитга қараб ўзгариб туради: мас, учинчи индивид бўлганида А индивид Б дан, у бўлмаганида Б индивид А дан устунлик қилади (тобе мавқелар). Кўпинча гурухда эркак ва урғочи ҳайвонлар мустақил ўз Иерархия системасига эга бўлади. Бошқа ҳолларда эса эркак хайвонлар урғочилари устидан, вояга етган ҳайвонлар ёш ҳайвонлар устидан доминантлик қилади. Эркаклари кўп бўладиган приматлар тўдасида Иерархия системаси жуда мураккаб. Гуруҳ бўлиб яшамайдиган ҳайвонларда индивидлар сони ошиб кетганида нисбий доминантлик юзага келади. Гурухдаги ҳайвонлар сони кам бўлганида эса улар ўртасида майдонга эгалик қилиш хаттиҳаракатлари намоён бўлади. Жамоа бўлиб яшайдиган ёки мураккаб гуруҳлар ҳосил қиладиган ҳайвонларда доминантлик концепци-яси ўрнига бошқача муносабатлар, мас, индивидларнинг вазифасига биноан ўзаро муносабатлари асосий аҳамиятга эга бўлади. Биол. да Иерархия тушунчаси ҳар хил объект ва жараёнларга тавсиф беришда кенг қўлланилади (мас, табиий жамоалар Иерархия структураси, организм регулятор системаси Иерархияси, таксонлар Иерархияси ва ҳ. к.).

Prev Article

ИЕЗУИТЛАР

Next Article

ИЖМО