ИЖТИМОИЙ ЖАМҒАРМА

ИЖТИМОИЙ ЖАМҒАРМА, ижтимоий фонд — фукаролар ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиерий мулкий бадаллар қўшиш асосида таъсис этилган ташкилот. Ижтимоий жамғарма хайрия, ижтимоий, маданий, маърифий ёки бошқа ижтимоий фойдали мақсадларни кўзлаб тузилади, уларнинг аъзолари бўлмайди. Ижтимоий жамғарманинг раҳбар органини таъсисчилар ва қатнашчилар тузади ёки бу орган И. ж. таъсисчилари карори б-н, ё бўлмаса қатнашчилар томонидан қурултой (конференция) ёки умумий мажлисда сайлаш йўли билан тузилади. Ўзбекистонда халқаро, республика, маҳаллий Ижтимоий жамғарма, шунингдек, турли халқаро жамғармаларнинг бўлимлари ташкил қилинган. Муассислар ўзлари ташкил этган жамғарма (фонд)нинг мажбуриятлари бўйича, жамғарма (фонд) эса ўз муассисларининг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди. Ижтимоий жамғарма мол-мулкдан ўз уставида белгиланган мақсадлар учун фойдаланади. Жамғарма (фонд) ўз уставида назарда тутилган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақли, бунинг учун хўжалик жамиятлари тузиши ёки уларда иштирок этиши мумкин. Ижтимоий жамғарманинг фаолият юритиш тартиби ЎзР ФКда белгилаб берилган (75-модда).