ИЖТИМОИЙ МЕҲНАТ ТАҚСИМОТИ

ИЖТИМОИЙ МЕҲНАТ ТАҚСИМОТИ — ижтимоий меҳнатнинг мустақил вазифаларни бажарувчи меҳнат турларига ажралиши, яъни меҳнат фаолияти турларининг алоҳидалашуви. Умуман жамиятда меҳнат тақсимоти асосида фаолиятни айирбошлаш ётади ва ҳар бир меҳнат тури аниқ бир маҳсулотни ёки унинг бир қисмини яратишга их-тисослашади. Фаолият турлари бўйича меҳнат тақсимотининг умумий, хусусий ва якка кўринишлари бор. Умумий меҳнат тақсимоти — жамият миқёсида йирик меҳнат турларининг бир-биридан ажралиб, мустақил йирик соҳаларга бўлиниши (саноат, қ. х., транспорт ва алоқа, қурилиш, хизмат кўрсатиш ва ҳ. к.). Хусусий меҳнат тақсимоти — халқ хўжалигининг йирик соҳалари ичида тармоқларнинг (қ. х. да деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик, саноатда эса ундирма ва ишлов бериш, оғир ва енгил саноат, машинасозликда эса автомобилсозлик, тракторсозлик, самолётсозлик, станоксозлик каби тармоқпар) вужудга келиши. Якка меҳнат тақсимоти — коухона, бирламчи хўжалик субъекти доирасида бўладиган меҳнат тақсимоти бўлиб, бунда алоҳида бир маҳсулот, маҳсулотнинг таркибий бутловчи қисмларини и. ч. бўйича ихтисослашган меҳнат турлари ажралиб, алоҳидалашади.

Жамият тараққиёти тарихида биринчи йирик Ижтимоий меҳнат тақсимоти меҳнат унумдорлигининг ўсиши билан боғлиқ бўлиб, унинг натижасида жамиятда фақат ақлий ёки жисмоний меҳнат билан шуғулланадиган каттакатта гуруҳлар, синфлар (мас, қуллар ва қулдорлар) га бўлиниш вужудга келди. Ишлаб чиқарувчи кучларнинг ўсиши асосида иккинчи йирик Ижтимоий меҳнат тақсимоти юз берди — ҳунармандчилик деҳқончиликдан ажраб чиқди ва бу билан шаҳарнинг қишлоқдан ажралиб чиқиши бошланди. Ҳунармандчиликнинг деҳ-қончиликдан алоҳидалашуви натижасида товар и. ч. юзага келди. Айирбошлашнинг кучайиши билан учинчи йирик Ижтимоий меҳнат тақсимоти — савдонинг саноатдан ажралиши юз берди.

Машиналашган индустриянинг пайдо бўлиши ва ривожланиши билан Ижтимоий меҳнат тақсимотида саноатнинг мавқеи ўсиб ва янада чуқурлашиб борди. Капитализмнинг ривожланиши халқларнинг хўжалик юритишдаги яқинлашувига, халқаро меҳнат тақсимотининг пайдо бўлишига шароитлар яратди. Жаҳон ҳамжамияти мамлакатлари ўртасида халқаро меҳнат тақсимоти И. м. т. нинг ҳозирги даврдаги энг такомиллашган ва барча мамлакатларни қамрайдиган шаклидир. Халқаро иқтисодий интеграция И. м. т. асосида вужудга келиб, иқтисодий қолокликни ва хўжалик тараққиётидаги бирёқламаликни бартараф этиш ва фаровонликни кўтаришга хизмат қилади (қ. Меҳнат тақсимоти).

Ижтимоий меҳнат тақсимоти иқтисодий қонун бўлиб, унга биноан меҳнат турлари узлуксиз равишда бир-биридан ажралиб, янгилари вужудга келиб, ихтисослашув юз беради ва унинг унумдорлиги ортиб боради. Меҳнат тақсимоти ва унинг асосида ихтисослашув натижасида маҳсулот айирбошлаш юз беради, унинг ривожланиши эса бозор муносабатларининг шаклланиб, ривожланишига олиб келади.

Ҳасан Абулқосимов.

Loading...