ИЖТИМОИЙ МОСЛАШУВ

ИЖТИМОИЙ МОСЛАШУВ — индивиднинг ижтимоий муҳитга доимий фаол мослашиш жараёни ва бу жараённинг натижаси. Ижтимоий мослашув узлуксиз хусусиятга эга эканлигига қарамасдан, уни, одатда, индивиднинг ўз фаолиятини ва ўзини ўраб турган ижтимоий даврасини тубдан ўзгартириш даврлари билан боғлайдилар. Мослашиш жараёнининг ижтимоий мухитга фаол таъсир этиш кўриниши ва муҳитдаги мақсад ва қадриятларни келишувчанлик б-н, пассив қабул қилиш кўриниши бўлади. Ижтимоий мослашув шахс ижтимоийлашувининг асосий ижтимоий-психологик омилларидан биридир. Ижтимоий мослашувнинг самарадорлиги кўп жиҳатдан индивид ўзини ва ўзининг ижтимоий алоқаларини қанчалик ўхшаш (адекват) англашига боғлиқ. Ўзи тўғрисидаги ижтимоий тасаввурнинг нотўғрилиги ёки етарлича эмаслиги Ижтимоий мослашувнинг бузилишига олиб келади, бу ҳолат (воқелик) нинг энг аянчли кўри-ниши аутизм (индивиднинг атрофдагилар билан мулоқот қилишдан қочиб, ўзининг ички кечинмалари дунёсига ғарқ бўлиши) дир. Ижтимоий мослашув муаммоси жаҳон психологиясида психоанализ, аутизм, депривация каби илмий йўналишларда тадқиқ этиб келинади. Бунда асосий эътибор мослашувнинг бузилишига (руҳий соҳадаги бузилишлар, бегоналашиш, апатия, алкоголизм, гиёҳвандлик ва б.) ва уни тузатиш (коррекциялаш) нинг психотерапевтик услубларига, аутотренинг, социотренинг воситаларига йўналтирилади. Муҳитга шахснинг киришиб кетиши унинг хулқи, фаолияти, муомаласи орқали содир бўлса мослашишнинг мукаммаллиги вужудга келади. Шахснинг катта ёки кичик гурухлар муҳитига мослашиши и. ч. самарадорлигини оширади, таълим-тарбия жараёнини яхшилашга ёрдам беради.

Эргаш Ғозиев.