ИККИ ПАЛЛАЛИЛАР, пластинкажабралилар (Bivalvia, Lamel-libranchiat) — моллюскалар типининг синфи. Танасининг уз. бир неча мм дан 1,5 м гача, вазни 30 кг, баъзан 200 кг гача (тридакна), билатериал симмет-рияли, ён томондан яссиланган гавда ва оёқдан иборат. Боши бўлмайди. Кўпчилигининг оёғи битта, понасимон; тубан тузилган турларида ясси; ҳаракатсиз ёпишиб яшайдиган турларининг оёғи редукцияга учраган (ми-диялар, дрейссеналар) ёки йўқолиб кетган (устрицалар). Кўпчилик Икки паллалилар оёғидаги биссус безлари ишлаб чиқарадиган биссус иплари ёрдамида суб-стратга маҳкам ёпишиб олиб яшайди. Танаси мантия билан қопланган. Чиғаноғи танасини ён томондан ёпиб турувчи иккита палладан иборат. Чиғаноғининг ички томони кўпинча садаф билан қопланган. Паллалар четида чиғаноқни ёпувчи қулф (тиш) ҳосил қиладиган ўсимтаси бўлади. Чиғаноқ паллаларининг олдинги ва кейинги ички юзасида ёпувчи мускуллар бор. Айрим Икки паллалилар (марвариддорлар, мидиялар) мантия-сига тушган ёт зарралар (қум)ни садаф билан ўраб олиб, марварид ҳосил қилади. Жигари 3 бўлакдан иборат. Жабралари кўпчилигида пластинкага ўхшаш (синфнинг иккинчи номи ана шундан келиб чиққан). Нерв системаси 3 жуфт ганглийдан иборат. Сезги органлари кучсиз ривожланган. Қон айланиш системаси очиқ; айириш системаси узун тасмасимон буйракдан иборат. Кўпчилик Икки паллалилар айрим жинсли; айрим турларида жинсий диморфизм яхши ривожланган. Ўруғланиши ташқи, личинкаси эркин сузиб юрадиган велигир ёки глохидий. Айрим турлари тухумлари ва личинкаларини жабраларида олиб юради. 20000 га яқин тури бор, асосан, денгизларда тарқалган. Чучук сувларда садафдорлар, марвариддорлар ва бақачаноқлар тарқалган. Сув тубида яшайди. Сувни фильтрловчи детритофаглар, плантофаглар, баъзи турлари йиртқич. Балиқлар ва б. денгиз ҳайвонларига озиқ бўлади. Айрим турлари тош ёки ёғочни тешиш хусусиятига эга. Бир қанча турлари кемалар корпуси ва гидротехник қурилмаларга катта зиён келтиради. Гўшти учун овланади (мидиялар, устрицалар). Айрим турлари (марвариддорлар) марварид олиш ва гўшт учун боқилади. Баъзи Икки паллалилар сув қушлари паразитларининг оралиқ хўжайини ҳисобланади. Бақачаноқнинг личинкаси чучук сув баликлари терисида паразитлик қилади. Ўзбекистон сув ҳав-заларида Икки паллалилар моллюскаларнинг 52 тури тарқалган, жумладан, 5 тури эндемик бўлиб, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.
Ад.: Мавлонов О., Ҳуррамов Ш., Умуртқасизлар зоологияси, Т., 1998.