ИККИ ҚАНОТЛИЛАР

ИККИ ҚАНОТЛИЛАР, қўш қанотлилар (Diptera) — ҳашаротлар туркуми. Тахм. 80000 га яқин тури маълум. Ўрта кўкракка бирикадиган бир жуфт қанотлари бўлади. Кейинги жуфт қаноти редукцияланиб, товуш чиқарувчи органга айланган. Қанотлари асоси жуда камбар, кўпинча кичкина бўртма — «қанотча» ҳосил қилади. Боши ҳаракатчан, кўзлари йирик, фасеткали; кўкраги яхлит. 3 кенжа туркумга — узун мўйловлилар, калта мўйлов калта чоклилар ва калта мўйлов доира чоклиларга бўлинади. Кенжа туркумлар има-госи, личинкаси ва ғумбакларининг бир қанча белгилари билан бир-биридан фарқ қилади. Икки қанотлилар ҳамма жойда тарқалган; кўпчилик турлари (гессен чивини, карам чивини, пиёз чивини ва б.) қ. х. экинларига катта зарар етказади. Бир қанча турлари (сўналар, чивинлар, қон сўрувчилар ва б.) қ. х. ҳайвонларига, баъзи турлари (мас, безгак пашша-си, чивинлар ва б.) эса одамларга юқумли касалликлар тарқатади. Африкада яшайдиган це-це чивини уйқу касаллигини қўзғатувчи трипаносомани юқтиради. Икки қанотлилар ўсимликларнинг чангланишида иштирок этади; баъзилари (мас, тахин чивинлар) личинкалик даврида зараркунанда ҳашаротларда па-разитлик қилади. Сирфидларнинг личинкалари ўсимлик битлари билан озиқланиб, улар сонини камайтиришга ёрдам беради.