ИКРОМ ДОМЛА

ИКРОМ ДОМЛА, Мулла Икромча (тахаллуслари; асл исми Муҳаммад Икром ибн Абдусалом, 1847 — Бухоро — 1925) — Бухородаги тараққийпарвар уламолардан, муфти ва мударрис. Бухоро мадрасаларида таҳсил олган. Аҳмад Донишнинг маърифатпарварлик ғояларига қўшилиб, мадрасалардаги таълим тизимини танқид қилган, уни ислоҳ килиш йўлларини ишлаб чиққан. 20-а. бошларида муфти сифатида Бухородаги жадид — янги усул мактабларинк мулла Абдураззоқ бошчилигидаги қадимийчиларнинг гурухларидан ҳимоя қилган. «Бедорин хобидаган ва огаҳи нодонон» («Уйқудагиларнинг уйғониши ва нодонларнинг огоҳ бўлиши», 1910) рисоласида Бухородаги амирлик тузумидан норозилик кайфиятлари акс эттирилган. Ушбу рисоладан сўнг И. Д. Бухородан сургун қилиниб, Пешкуга қози қилиб жўнатилган (1912—14). Бухорода 1917й. апрель на-мойишидан кейин И. Д. Ғузорда қамоққа олинади. БХСР тузилгач, қисқа муддат маъмурий идораларда хизмат қилади.

И. Д. Бухорода кўплаб шоирларга, жумладан, Айнийга устозлик ва ҳомийлик қилган. Файзулла Хўжаев ва Айний ўзларининг Бухоро инқилоби тарихига бағишланган асарларида Икром Домланинг тараққийпарварлик фаолия-тига юксак баҳо беришган.

Ад.: Айний С, Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар, Асарлар, 1-ж., Т., 1963,’ Хўжаев Ф., Бухоро инқилобининг тарихига материаллар, Т., 1997.

Prev Article

ИКОСАЭДР

Next Article

ИКРОМОВ