ИКРОМИЙ

ИКРОМИЙ Жалол (1909, Бухоро – 1993.11.4, Душанба) — Тожикистон халқ ёзувчиси (1979), драматург. 20-й. ларда Тошкент педагогика интида таълим олган. Ёзувчи сифатида шаклланишида Абдулла Қодирийнинг таъсири кучли бўлган. Илк асари «Регистонда тун» (1927) ҳикоясидир. «Душман» (1933) драмаси, «Муҳаббат уруғи» (1937) комедияси, «Ўқ илон» (1934), «Мен гуноҳкорман» (1957) қиссаларида тожик халқининг ҳаёти лавҳалари, урф-одатлари ифодаланган. «Шоди» (1—2-қисмлар, 1949) романида Тожикистондаги жамоалаштириш даври тасвирланган. «Олов қизи» (1962) романи тожик аёлларининг ўтмишдаги ҳаётига бағишланган. Бухоро амирлигининг сўнгги даври ҳақидаги «Бухоронинг ўн икки дарвозаси» (1969), «Жони сабил қузғунлар» (1979) романлари муаллифи.

Ижодида ўзбек ва тожик халқлари орасидаги дўстлик мавзуи алоҳида ўрин тутади. Кўпчилик асарлари ўзбек тилида нашр қилинган. «Душман», «Зуҳро», «Она қалби» ва б. пьесалари республика театрларида саҳналаштирилган.

Ас: Мен гуноҳкорман, Т., 1963; Олов қизи, Т., 1964; Бухоронинг ўн икки дарвозаси, Т., 1971.

Ад.: Ҳусайнзода Ш., Жалол Икроми, Душанбе, 1959.

Loading...