ИКРОМОВ Ҳамидулла Икромович

ИКРОМОВ Ҳамидулла Икромович (1909.11.11 — Тошкент — 1964.14.4) — театр рассоми, Ўзбекистон халқ рассоми (1950). Искандар Икромовнинг укаси. Тошкент лед. техникумини тугатган (1929). Ўзбекистон санъат музейи қошидаги бадиий студияда таълим олган (1925-29). 1931 й. дан Ҳамза театрида ишлаган. Нозим Ҳикматнинг «Туркия ҳақида ҳикоя» (1953), Р. Тагор романи асосида тайёрланган «Ганг дарёсининг қизи» (1956), Ҳамзанинг «Паран-жи сирлари» пьесаси асосида тайёрланган «Холисхон» (1956), Муҳаммад Диб романи асосида тайёрланган «Жазоир — менинг Ватаним» (1957), М. Шайх-зоданинг «Мирзо Улугбек» (1961), И. Султоннинг «Номаълум киши» (1963) пьесалари асосида тайёрланган спек-таклларга асар мазмунини тўла очишга хизмат қиладиган декорация эскизлари яратган. М. Горький номидаги рус драма театрининг айрим спектаклларига ҳам (мас, Ҳамзанинг «Паранжи сирлари», 1956) саҳна безаклари ишлаган.