ИЛДАМ КАЛТАКЕСАК (Eremias velox) — чин калтакесаклар оиласининг тури. Эрон, шим.-ғарбий Хитой, Кавказ, Россиянинг жан. ҳамда Ўрта Осиёда тарқалган. Ўзбекистонда Илдам калтакесакни шўрхок тақирлар, қумли чўллар, тўқай, чакалакзор, ариқ ва ҳовузлар бўйида учратиш мумкин. Танасининг уз. 8,5 см гача, думи танасидан 1,4—2 марта узун. Гавдасининг усти кулранг, тўқ жигарранг ёки қорамтир, орқа томонида тана бўйлаб кетган бир неча қатор қора холлари бор. Қорин томони оқ, думининг ости қизил. Ҳар хил ҳашаротлар билан озиқланади. Урғочиси май — июлда, ҳатто авг. бошларигача 2—3 марта 3—5 тадан тухум қўйиб кўпаяди.