ИЛДИЗ ЧИРИШИ, ризоктониоз — қ. х. экинларининг илдизи ва поянинг илдиз, бўғзи қисми касаллиги. Макка-жўхори, ғўза, сабзавот, полиз экинлари, каноп, ток ва б. касалланади. Касалликни Rhizoctonia Solani Kuhn. зам-буруғлари ва баъзи бактериялар кўзға-тади. Илдиз қорайиб, чириб кетади, илдиз бўғзида қорамтир-қўнғир доғлар пайдо бўлади, улар бир-бири билан кўшилиб, илдизни ҳалқа шаклида ўраб олади, айрим ҳолларда ўқ илдиз ва ён илдизлар ингичкалашади. Пўстлоқнинг зарарланган жойлари ёрилади, ўсимлик сўлиб, қуриб қолади. Қўзғатувчилар тупроқда сақланади ва ривожланади. Ғўза, картошка, буғдой, жавдар, қанд лавлаги, сабзи, бодринг, қовун, қовоқ, карам И. ч. деҳқончиликка катта зарар етказади. Ўзбекистонда ғўзанинг Илдиз чириши кенг тарқалган касаллик, ҳамма ерда учрайди. Бу касаллик туфайли ҳар йили 250—300 минг га майдонда чигит хатосига, баъзан бутун майдонга қайтадан экилади. Чигит чири-ши, майсаларнинг чириши, ўсимлик ниҳолларининг биринчи ривожланиш фазасидаёқ чириши каби кўринишлари бор. Ғўзада Илдиз чиришининг бошланиш даврида (агар тупроқ намлиги камайиб, ҳаво ҳарорати кўтарилса) ниҳолларининг бир қисми соғайиб кетади. Бироқ кўпчилик ўсимликлар илдиз бўғзида паразит замбуруғ таъсиридан вужудга келган узунчоқ пўкаклашган доғлар — касаллик белгиси сакланиб қолади.
Кураш чоралари: ерларни текислаш, тупроққа сифатли ишлов бериш, уруғликни оптимал чуқурликка экиш, тупроқ қатқалоғига қарши кураш, уруғликни дорилаш, парниклар тупроқларини фунгицидлар билан дорилаш.
Ад.: Мавлонов О., Ғўзанинг илдиз касаллиги ва унга қарши кураш, Т., 1979.