ИЛДИЗОЁҚЛИЛАР

ИЛДИЗОЁҚЛИЛАР (Rhisopoda) – саркодалилар кенжа синфига мансуб бир ҳужайрали ҳайвонлар. Танасининг узунлиги бир неча мкм дан 3 мм гача (айрим фораминфераларда 2—3 см гача). Ҳаракатланиш ва озиқни тутиш органи сохта оёқлар, айрим турлари ва жинсий ҳужайраларда хивчинлари ҳам бўлади. Бир қанча турлари (чиғанокли амёбалар, фораминфералар) да ташқи скелети — чиғаноғи бор. Иккига бўли-ниш, айрим турлари жинсий гаметалар копуляцияси орқали кўпаяди. Кенг тарқалган, асосан, денгиз ва чучук сувларда, торфли ботқоқлик ва тупроқда учрайди. Баъзи турлари паразит. Амёбалар, чиғаноқли амёбалар, фораминфералар туркумларига бўлинади.