ИЛОҚ

ИЛОҚ (Carex physodes) — ҳилолдошлар оиласига мансуб илдизпоя кўп йиллик ўт. Бўйи 15—20 см, пояси уч қиррали, барглари энсиз, гуллари кўримсиз. Меваси қўнғир. Илдизпояси 10 — 20 см чуқурликка жойлашиб, ҳар 10—20 см дан поя чиқаради. Шунинг учун илдизпоясининг бошланган ва тугаган жойини топиш қийин. Илоқ қалин ва чигал тўр илдиз ҳосил қилиб, қумни кўчмайдиган қилади. Ўрта Осиёдаги барча қумли чўлларда ҳар хил бута ва ўтлар билан бирга поёнсиз Илоқ зорлар ҳосил қилади. Илоқ фев. да кўкариб, мартда гуллайди, майда уруғи пишиб, поя ва барглари қурийди. Илоқ, асосан, вегетатив йўл б-н кўпаяди. Илоқ тўйимли озуқа, таркибида (гуллаш даврида) 20% ча оқсил, 3,1% мой, 24,4% клетчатка бўлади. Қизилқум ўтлоқларида Илоқ қўйлар баҳорги овқатининг 85% ини, ёздагисининг 70% ини ташкил қилади.

Prev Article

ИЛОРИН

Next Article

ИЛОҲИЁТ